28 August 2014
19:27 - Ўзбекистон ИИВ сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг аҳволи ёмонлигини рад қилмоқда
Бугун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қатор интернет нашрларида Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, қашқадарёлик Мурод Жўраевнинг аҳволи оғирлиги борасидаги маълумотларга раддия берди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/6-сонли (Чирчиқ) муассасада сақланаётган Мурод Жўраевнинг аҳволи яхши, унга барча шароитлар муҳаё қилинган. Ҳолбуки, унинг рафиқаси Холбика Жўраева сўнгги марта учрашув пайтида эрининг тишлари тўкилиб кетгани, оғир ишларга жалб қилинаётгани таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ССР парламенти – Олий Советнинг собиқ депутати Мурод Жўраев “Эрк” партиясининг 53-54-чилар қаноти раҳбарлари билан биргаликда 1994 йилда ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб, ҳибсга олинган ва мол-мулки мусодара этилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Шундан сўнг унинг жазо муддати 3 марта узайтирилган.

Ҳамма биладики, Мурод Жўраев Ислом Каримнинг амри билан зиндонда чиритилмоқда. 21 асрда диктаторлар ҳам ўзгарди, аммо Ислом Карим ўзгармоқчи эмас. Маълумки, у қашқадарёлик бошқа депутат, “Бирлик” фаоли Шовруқ Рўзимуродни 2001 йили Ички ишлар вазирлигининг Тошкентдаги биносидаги изоляторда осиб ўлдиртирган, аммо у ўзини осиб ўлдирганини иддао қилганди. Ваҳоланки, Шовруқ Рўзимурод ўзини-ўзи осадиган инсон эмасди, у Ўзбекнинг Робин Гуди эди, Ўзбекнинг тарихида айнан шундай қолади.

Бу расм Мурод Жўраев депутат бўлган йиллари олинган.