28 August 2014
02:14 - Минскда Путин ва Порошенко учрашди, Нью-Йорк фондлар бозорининг ўта сезгир индекси Dow Jones тарихий рекорд ўрнатди
26 август куни Минскда ўтказилган Божхона Иттифоқи саммити бу саммитга Белорусия президенти Александр Лукашенконинг ташаббуси билан таклиф қилинган ЕИ Бош вазири ва Украина президенти Петр Порошенконинг бу ерга келиши туфайли саммит маъносини йўқотди. Чунки, ҳамманинг диққат марказида Путин ва Порошенконинг учрашуви турар эди.

Бу учрашувга доир хабарлар ўта умумий шаклда бўлганидан тушуниш мумкинки, Путин ва Порошенко умумий фикрга келишолмаган. Аммо, ҳамма гап шундаки, жаҳоннинг ядровий кучи бўйича иккинчи давлати ҳисобланадиган Россия ва унинг ҳукмдори Владимир Путин Украина президенти билан учрашишга мажбур бўлди. Шунинг ўзи Порошекнонинг ғалабаси, Путиннинг мағлубияти эди.

Бу ғалабани жаҳонда икки манба очиқча тан олди. Биринчиси – “Ҳаракат” Агентлиги бўлса, иккинчиси – Нью-Йорк фондлар бозори бўлди.

Ҳа, айнан шундай. 26 август куни, яъни Минскда Порошенко ва Путин учрашган куни Нью-Йорк фондлар бозорининг асосий кўрсатгичи бўлган Dow Jones индекси тарихий рекорд ўрнатиб, 17 минг 154 га чиқди. Бу нарса Dow Jones индексининг ўта сезгирлигини яна бир марта исботлади.

Тўғри, 27 августда Путин-Порошенко учрашуви Россия-Украина муаммоларини тўла ҳал этолмаганини кўрсатди, Dow Jones индекси бироз тушди. Кеча Нью-Йорк фондлар бозори бекилганда, Dow Jones 17 минг 122 га тенг эди. Барибир бу катта кўрсатгич.

Шу сабабали, аввалари ҳам айтган фикримизни яна такрорлаймиз.

АҚШда ишлаётган ўзбеклар фондлар бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмайдиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, фондлар бозорининг акцияларида ҳам сақлашни ўрганишлари лозим.

Ўзбекистондаги ота-оналарга ёрдам бериш шарт, аммо у ерга ортиқча пул юбориш ўзбекларнинг душмани бўлган мавжуд режимга хизмат қилиш ва пулни сувга оқизишдир. Ўзбеклар АҚШда ҳам ош ейиш ва Ўзбекистонга пул юборишдан ташқари, бу ерда пул йиғиб, кичкина бўлса ҳам ўз бизнесларини очиш устида ўйласалар фойдали бўлади.

Айнан шундай одамлардан кейинчалик катта бизнесменлар чиқади. Ана ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бизнес очишни ўйлаш мумкин. Акс ҳолда, Американи ҳам мардикорлар билан тўлатиб юраверамиз.