16 August 2014
14:38 - Туркия шунақа ўзи: Бурсада 13 ёшли болани 16 ёшли қиз билан уйлантиришди, Истанбулда бир эркак хотинини бўғиб ўлдирди
Бир маҳаллар Туркиянинг пойтахти ҳам бўлган Бурса шаҳрида 13 ёшдаги С.Ш. исмли йигит билан 16 ёшдаги қўшнининг қизи Н.П. ни уйлантиришди, дейилади Туркиядаги энг катта ва обрўли “Миллиёт” газетасининг бугунги хабарида. Икки оила келишиб ўтказган тўй одат бўйича хина қўйиш маросими билан бошланиб, 2 кун давом этибди. Келин-куёв ўйинга ҳам тушганини фоторасмда кўриб турибсиз.

Бироздан кейин зерикиб қолган куёв “Ўртоқларим олдига бориб, ўйнаб келаман” деб тўйдан чиқиб кетаётганда ота-онаси уни бир амаллаб тўхтатиб қолишгани ҳам хабарда айтилади. Оилаларнинг катталари “болаларимизнинг ёши етгандан кейин расмий никоҳ бўлади” дейишибди. Бу тўй келин-куёв шу ёшданоқ бир-бирларига содиқ бўлишларини таъминлаш мақсадида ўтказилган эмиш.

“Миллиёт” Туркиядаги энг катта ва обрўли газета эканлигини бекорга урғуламадик, дейди мухбиримиз. Чунки, бу хабар бундайроқ газетада эълон қилинса, унга ишонмаслик ҳам мумкин эди. Аммо, шундай обрўли газета ҳам бундай тўйнинг ўтказилиши Туркия қонунларга қанчалик тўғри келишини муҳокама қилмайди. Энди келин-куёв бирга яшайдими ёки ҳар бири ўз оиласида яшашни давом эттираверадими? Бу саволга ҳам жавоб йўқ. Маълумки, Туркияда 18 ёшдан кейингина уйланиш мумкин, ота-оналар истаса ҳам ёши 18 тўлмаганларни уйлантириб бўлмайди. Демак, бу тўйнинг ўтказилишини ўзи жиноятдир. Ёки, бу тўй эмас, шунчаки, масхарабозликми? Унда мақсад нима эди?

Кўрамиз, газетада хабар тарқалгандан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари нима қилишади?

Дарвоқе, газетанинг айнан бугунги сонида яна бир хабар бор. Истанбулда яшайдиган Митхат Ўзтурк бир ўртоғининг “хотинингни бошқа эркак билан кўрдим, у сенга ҳиёнат қилмоқда” деган гапи учун 10 йилдан бери яшайдиган Ҳадия исмли хотинини аввал қўл-оёғини боғлаб, кейин бўғиб ўлдирибди. Уларнинг 9 яшарли қизлари ҳам бор экан. Қиз болалар уйига юборилди, Митхат ҳибсга олинди.

Ўртоғининг текширилмаган гапига асосланиб, ўз қизининг онасини, ўзининг хотинини ўлдирган Митхат каби аҳмоқлар ҳамма ерда топилса керак.