31 July 2014
19:29 - Саволлар кўп, аммо ҳали жавоб йўқ: АҚШ Ўзбекистондаги ҳарбий базасини тиклайдими?

Кеча Оқсаройда Президент Ислом Карим АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Ллойд Остин III ни қабул қилди ва учрашув ортидан “РИА Новости” агентлиги АҚШ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат жанубида янги ҳарбий база очиш ҳақида музокара олиб бораётгани ҳақида ёзди. Агентликка кўра, ҳарбий база эвазига Вашингтон йилига 1 миллиард доллар тўлашга тайёр.

Хабарда таъкидланишича, АҚШ ҳукумати Термездаги аэропортида АҚШ ҳарбий контингенти, ҳарбий техникалари, аввало, авиациясини жойлаштиришни мақсад қилган. Аммо АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси бу хабарларни тасдиқламади. Элчилик расмийларига кўра, АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий база очишга қаратилган ҳеч қандай режалари, хатти-ҳаракати ёки музокаралари олиб бораётгани йўқ ва бўлмайди ҳам.

Бу хабар Москвадан олинганининг ўзиёқ унга бўлган ишончни йўқотади. Бунинг устига, Ўзбекистонда очиладиган база учун Америка 1 млрд доллар беришига ҳеч ҳам ишониб бўлмайди. Гап камида ўн баравар озроқ пул ҳақида бўлиши мумкин. Лекин, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаслигини ҳам, Ислом Карим АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини бекорга қабул қилмаслигини ҳам унутмайлик.

Қолаверса, бундай базанинг очилиши катта ижобий воқеа бўлишини гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Мухолифат ҳам бундай келишувни қўллаб-қувватлаган бўларди. Кўрамиз, воқеалар қайси йўналишда кетади.

Ўзбекистоннинг қўғирчоқ ахборот воситалари бу учрашув хусусида умумий гаплардан иборат бир неча қаторлик хабар тарқатдилар. Эълон қилинган расмда Ислом Карим йўқ.