Актуал мавзу - 07 February 2009
05:01 - Саиджаҳон Равоний: Навоий зилол ва ҳаётбахш чашма
(Тахлил ва тавсиф, буюк шоир ва мутафаккирнинг таваллуд куни муносабати билан, ва қаламкаш дўстимиз Дилмурод Саййид навоийхонлик ташаббусини қўллаб)


Буюк аждодимиз, шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий, қарийб 6 асрдир-ки, ўзининг ғазаллари ва достонлари билан дунё ахлини мафтун этиб келмоқда. Унинг серқирра ижоди ва сермазмун хаёти хақида бехисоб рисола ва китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Бу борада, албатта, биринчи гал Ойбек, Суйима Ғаниева, Мақсуд Шайхзода, Лазиз Қаюмов, Натан Маллаевлар ардоғ ила тилга олинишлари даркор. Шак-шубҳасиз бу забардаст қаламкашлар - навоийшуносларнинг пешволаридир.

Улардан кейин яна ўнлаб ва юзлаб қаламкашлар Навоий ҳақида ёзганлар ва ёзмоқдалар. Навоийшунослик мустақил фанга айланган бир соҳадир-ки, унга оид бир нима ёзиш ўта маъсулиятли ва ўта мураккаб иш. Буни хис қилган ҳолда, мен бирор нарса ёзишга ҳеч журъат қилолмас эдим. Лекин бир хавасманд шоир ва оддий бир навоийхон сифатида ўз фикримни айтишга ҳақлиман-ку, деган ўй менда ниҳоят устун келиб, ушбу иншони ёзишга журъат этдим.

Пироварда айтмоқчи бўлган фикрим шуки, Навоий ҳаётбахш зилол чашма. Уни ҳеч ким ва ҳеч қачон лайқалатолмайди. Фикрим тушунарли бўлиши учун, аввало, Навоий қандай инсон бўлганлигини ифода этувчи унинг ғазалларидан бир қатор байтларни таҳлил этсак, мақсадга мувофиқдир. Шундай ғазалларнинг бири қуйидагича бошланади:

Вафо аҳлиға даврондин етар жавру жафо асру,
Жафосидин анинг озурдадур аҳли вафо асру.

Буким, аҳли вафо ноёб эрурлар ондин эканким,
Бу эски тоқ аларға ёғдурур гарди бало асру.
...,
яъни, итоатгўй халққа замондан жуда кўп жабр-у жафо етмоқда, замоннинг жафосидан итоатгўй халқ жуда озор чекмоқда, ушбу итоатгўй халқнинг ювош одамлари шундай ноёб эканлар-ки, бу эски тоғ уларга қайта-қайта бало ёғдирмоқда.

Бу ғазалнинг 6 байтида шоир:
...
Ризо аҳлин сиёсат тиғидин қўрқитмағил, эй шоҳ,
Ки қатлингдин сенинг қўрқарға ўлмайдур гадо асру
...,
яъни, ишонувчан халқни сиёсатнинг тиғи билан қўрқитмагин, эй ҳукумрон, қатлингдан гадо жуда ҳам қўрқавермайди, деб ёзмоқда. Бу ғазалга мазмуни уйқаш бошқа ғазалини эса, Навоий шундай деб бошлайди:

Шоҳнинг мунглуғ мушаввашлар била не нисбати?
Қомронларнинг балокашларға қайдин улфати?

Улки қаҳр этса қиличидин дамодам қон томар,
Бағридин қон томғучилар бирла не жинсияти?
...,
бу дегани, мунгли, ташвишли кишилар билан шоҳнинг нима иши бор, ишлари юришганлар ғам-қайғу чекувчиларга қайдан дўст бўлсин, ғазабланганда қиличидан дам-бадам қон томган киши, юрак-бағри қон кишилар билан ҳамжинс бўлармиди.

Ғазалнинг 4-5 байтларида эса:
...
Дахр қилғондин яланг бошини тенг туфроқ ила,
Не хабар улким, етар гардунға тожи рифъати?

Мўр аёғ остида ўлгандин қачон топқай вуқуф,
Арслонким, кўкка чирмашқай ғириви шавкати?
...,
яъни, муҳит тупроқ билан тенг қилган ялангбош камбағолнинг ҳолидан, тожининг мартабаси осмонга чиққан киши қайғурармиди, довруғи кўкка кўтарилган арслон ўзининг оёғи остида чумолининг ўлиб кетганидан воқиф бўлармиди, демоқда Навоий.

Яна бир ғазалини у:

Ул шайхки минбар уза афсунга берур тул,
Шайтондур ўзи, мажлисин ахли сурук ғул.

Ғафлатдин агар ваъз ила уйғотсалар элни,
Ул айлар уютмоқ учун афсонаға машғул.
...,
яъни, бу шайх минбардан афсоналар (лофлар) чўзади, ўзи эса бир шайтон, унга кулоқ солганлар ёввойи тўда, элни ваъз ила ғафлатдан уйғотсалар, у афсоналар билан элни ухлатишга интилади, деб, бошлайди, ва:
...,
Иблис сифат эл сари майл этма, Навоий,
То бўлмағайсен зақру риё қайдида мағлул.,

яъни, иблис фазилатли одамларга қўшилма, Навоий, ёлғон ва иккиюзламачиликка кишанланиб қолмайсан, деб якунлайди. Бундай ижтимоий ва сиёсий мазмундаги байтларни яна юзлаб мисол келтириш мумкин. Лекин Навоийнинг девонларининг асосини лирик ғазаллар ташкил этади. Мисол учун:

Эй насими субх, аҳволим дилоромимға айт,
Зулфи сумбул, юзи гул, сарви гуландомимға айт.
...,
яъни, эй тонги майин шабода, аҳволимни дилоромимга айт, сочлари сумбул, гул юзли, қадди гулдек гўзалимга айт, деб, ёзилган, ёки,

Гул сочар ел боғ аро, сарви равоним келдиму,
Жон иси гулдин келур, ороми жоним келдиму.
...,
яъни, шабода боғ ичра гуллар ҳидини сочар, чиройли юрувчи сарви бўйлигим келдиму, гулдан ҳаётбахш ҳид келур, жонимнинг ороми келдиму, деб битилган каби ғазалларни Навоий юзлаб яратган. Уларга тўхталиб таҳлил қилишга, камина етарли вақт ва етарли билимга ега эмасдир. Юқорида келтирилган мисоллар эса Навоийнинг истеъдоди ва санъатини ифодалаш учун эмас, балки, уни қандай инсон эканлиги ҳақида тасаввур хосил қилиш учун келтирилди.

Бир қарашда Навоий мураккаб ва тушуниш қийиндек туюлса-да, унинг атига бир-икки ғазалини қунт билан ўрганиб чиқилса, унинг асарларини ўқиш осон ва мароқли машғулликка айланиб, ҳар бир ўқувчи қуйидаги умумий хулосаларни чиқаради:

Навоий ўз замонасининг жасоратли курашчиси бўлган. У адолатсизлик, зўравонлик ва шафқатсизликка қарши, мафқуравий курашган. Асарларидаги лирик қаҳрамон Навоийнинг ўзи бўлиб, у гўзал сўз ва такаллуф билан, эътироз ва шикоят билан, кези келганда, жасорат ва матонат билан жафокаш халқни ҳимоя қилган.

Юқоридаги байтларни бежиз мисол келтирмаган эдим. Эътибор беринг, Навоий тўғридан тўғри ҳукмрон доираларни қоралаб, оддий халқни ҳимоя қилиб чиқмоқда. Оддий халққа замондан, яъни, замонни бошқарувчи тоифалардан жуда кўп жабр-у жафолар етаётганлигини, итоатгўй халқ узлуксиз озор ва мусибатда сақланаётганлигини тўғридан-тўғри гапирмоқда.

Бу итоатгўй халқ ноёб ва бебахо бўлишига қарамай, бу эски тузум унга қайта-қайта турли кулфатлар ёғдираётганлигини гапирмоқда. Шон-шавкати ва тож-тахти билан мағрурланиб кетган золим подшолардан ғазабланиб, азоб ва машаққат чекаётганларга бефарқ амалдорлардан ранжимоқда, чумолидек оёқ остида хор-зор бўлган кишиларга ич-ичидан ачинмоқда.

Яна қўшимча қилиш мумкин-ки, вазир лавозимга эга бўлишига қарамай, Навоий “сарой шоири”, яъни, маддох ҳам бўлмаган. Мутакаббир ва шафқатсиз подшоҳ сиймосини Навоий ўз асарларида яксон қилиш даражасида жасорат билан қоралайди: ”... Улки қаҳр этса қиличидин дамодам қон томар, Бағридин қон томғучилар бирла не жинсияти?..”, деб, ёзгани бунга шаксиз мисолдир.

“...Буким, аҳли вафо ноёб эрурлар ондин эканким, Бу эски тоқ аларға ёғдурур гарди бало асру...”, деб, ёзилган бошқа байтда, золим подшоҳ сиймоси бир мунча панада бўлса-да, шоирнинг норозилиги, айнан подшоҳга йўлланнилган. Чунки, эски тоқ, деб, Навоий ҳукумрон тузумни, яъни, ҳокимиятнинг эҳромий тузилмасини назарда тутган.

Қаранг, Навоий замонида ҳам жоҳил ва риёкор диндорлар ҳам бўлган экан. Улар ҳам жасадларини содда халқнинг елкасига ортиб, мазахўрак яшаганлари келиб чиқмоқда. Уларни Навоий аяб ўтирмай иблис сифат эл демоқда. Чунки, улар чин маърифатга йўл бермай, халқни ғафлатда, бу билан эса, халқни қашшоқлик ва қулликда сақлашга кучли омил бўлишган.

Ажаб-ки, Навоийнинг асарларидаги ситамдийда оддий халқ сиймоси кўрсатмоқда-ки, ўша замонлардаги аждодларимиз ҳам, худди бугунги биз, ўзбек халқидек, ўша замонда ҳам итоатгўйликда бир ноёб халқ бўлган экан. Бундан биз мулзам бўлмаслигимиз керак. Бу бизнинг мустаҳкам иймон-эътиқодимиздан келиб чиқувчи, юксак ижобий бир фазилатимиздир. Бундан биз фахрланишимиз керак. Зеро, ҳукмронларнинг яхшиси хам, ёмони ҳам келади, кетади, ноёб халқ эса абадий ва боқий!

Лекин ҳамма нарсанинг, жумладан, сабр-тоқатнинг ҳам чегараси борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Хар бир инсон ўзини, пировардда эса, ҳар бир халқ ўзини химоя қила билиши даркор, ва биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Ҳолбуки, шундай экан, биз ҳимоянимизни, аввало ўз миллий қадр-қимматимизни, миллий иззат-шаънимизни химоя қилишимиздан бошлаимиз керак.

Ҳозир мен, ҳуқуқ ҳимоячиси, мухолифатчи ва бир хавасманд шоир сифатида, миллий ифтихоримиз бўлмиш Алишер Навоийнинг шаънини ҳимоя қилишга зарурат мавжуд десам, таажубланишга шошмасдан туришларингизни илтимос қиламан.

Аслида, Навоий шу қадар умумжаҳон миқёсда буюк тарихий шахс-ки, умуман у ҳимояга муҳтож хам эмас. Бу ерда Навоий тимсолида ўзимизнинг бугунги миллий шаънимизни ҳимоя қилишга зарурат мавжудлиги ҳақида сўз юритмоқдаман. Муаммо қайсидир амалий ҳаракатларни зудлик билан амалга оширишликни тақозо этмайди. Лекин биз шундай муаммони мавжудлигини эътироф этишимиз даркор.

Гап шанда-ки, шўро тузуми ўзининг тарғибий манфаатларида Навоийнинг номинидан ноинсофларча фойдаланиб келди. Навоий ўзининг даврида адабий ҳисобланган форсийда эмас, масхара ва танқидда бўлган туркийда ижод қилишидан мақсади, оддий халққа яқин ва тушунарли бўлиш эди. Келажак авлодларга эса ўзининг ижодий меросига, уни ўрганишга ва ундан фойдаланишга қийинчиликлар қўшиб қолдирмаслик эди. Шўро тузуми буни яхши билган ҳолда, Навоийни халқдан узоқлаштиришга интилди.

Лекин буни шўро тузуми Навоийни таъқидлаб, унинг номини халқнинг хотирасидан чиқариш билан амалга оширмади. Аксинча, Навоийнинг номи санамлаштирилди. Бунинг, бир ҳиссада ёмон жойи йўқ, аксинча, жуда хам яхши. Шахар ва қишлоқлар, театр ва сатъат саройлари, ўқув масканлари ва истирохат боғлари, кўча ва хиёбонлар Алишер Навоий номи билан аталди, унга юзлаб ёдгорликлар ўрнатилди. Бундан биз фахрланамиз ва бунга Навоий минг марта муносибдир.

Лекин биз Навоийни ўзини, яъни, унинг ижодини дуруст билмаймиз. Масанлан, руслар Пушкинни билганчалик, ёки инглизлар Байронни билганчалик, биз Навоийни билмаймиз. Мен анчадан бери ён атрофдагиларимдан ва учрашган таниш-билишларимдан Навоийдан бирор нарса ўқиб беришни сўраб юрибман. Натижа жудаям қониқарсиз, азизлар. Бунинг сабабларини ўрганишга киришган эдим, қуйидагилар маълум бўлди:

Шўро тузуми Алишер Навоийни ўзбек халқига, қўпол қилиб айтганда, қип-қизил коммунист қилиб кўрсатиб келган экан. Беш юз йил аввал яшаб ижод қилган Навоий, худди-ки, айнан шўролар ўрнатган тузумни орзу қилган экан эмиш. Навоий хақида 1948 йили яратилган бадиий фильм, гарчи, умумжаҳон мазмунга эга киноасар деб, эътироф этилиб, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган бўлса-да, бу, аввало, Навоийнинг ўзи ўта буюк тарихий шахс бўлганлигидан, кейин эса, фильмни яратган ижодкорларнинг меҳнати ва махорати туфайли амалга ошган деб, айтиш мумкин. Лекин фильмнинг умумэътирофи, асло унинг мазмунидан эмас.

Охирги марта фильмни кўрганимга кўп йиллар бўлгани боис, бир оз ноаниқлик билан изоҳласам айбга буюрмайсиз: Фильмнинг бир лавҳасида Навоий қўзғолон кўтарилган шаҳарга бориб, оломоннинг талаби билан (адашмасам) шаҳарнинг амирини қатл этишга буйруқ беради. Яна бир лавҳада, султон Ҳусайн Бойқарога мунажжим, Мирзо Ёдгорга қарши уриш қилишга ҳозир қулай вақт эмас деб, башорат қилиб турган пайт, Навоий баркашда Мирзо Ёдгорнинг кесилган бошини олиб келтиртириб, “Башоратингизни энди мана бу каллага қилинг”, дейди.

Бу икки лавҳа Алишер Навоийнинг маънавияти ва фазилатларига мутлақо тўғри келмайди. Бу икки лавҳа ва фильмдаги хуфия тарғибий моҳият билан, минглаб инсоларни қатл этган, миллионлаб кишиларни қатағон қилган шўро тузуми Навоийни ўзига шерик қилиб олмоқчи бўлмоқда. Буни қасддан содир қилинган жиноий ҳаракат, деб, баҳолаш ҳам мумкин.

Масалан, Ойбек домланинг “Навоий” романида оломоннинг олдида “халқ душманини” қатл қилиш ҳақида Навоий буйруқ берган жой умуман йўқ. Мирзо Ёдгорга оид лавҳа эса қуйидагича ёзилган:

“... Навоий бошлиқ, Бобоали ва бир даста йигитлар Мирзо Ёдгорни судрашиб тепадан туширишди-да, Ҳусайн Бойқаронинг отининг оёги остига ташладилар... у қўлларини кўксига кўйиб турарди, кўзларида қандайдир қўрқув бор эди...”.

Алексей Спешнев, Виктор Шкловский, Иззат Султанов ва Уйғун ёзган киносценарийда эса Мирзо Ёдгорнинг ўлими бутунлай бошкача тасвирланган. Ҳолбуки, “Навоий” романини яратган Ойбек домланинг киносценарийга ҳеч қандай даҳли йўқ бўлиб чиқмоқда, ва имоним комил-ки, фильмини кўрганда, Ойбек домла жуда қаттиқ диққат бўлган бўлсалар керак.

Вақтлар келади, ўзбек миллати ЮНЕСКОнинг рўйхатидан бу фильмни ўчиртириб, ўрнига Навоий ҳақида, буюк аждодимизга нисбатан содир этилган адолатсизликни бартараф этиб, бошқа киноасарни тақдим этади. Эски фильмда эса, муаллифлар шўро тузумининг райи ва илтифотига тушиш мақсадда, Навоийнинг шаънига доғ тушурмоқчи бўлдилар. Лекин бунинг уддасидан улар чиқа олмадилар ва чиқа олмасдилар ҳам. Чунки, Навоий бу - Навоий ва абадий Навоий бўлиб қолади. Улар эса (сценарий муаллифлари) Навоийнинг олдида ҳеч ким эмаслар. Қайтага, Навоийнинг буюклиги, у ҳақда фильм ишлаганлари учун, уларга вақтинчалик шон-шуҳрат келтирди.

Ниҳояда комил ишонч билан айтаман-ки, Алишер Навоий, севган машуқасининг кўчасидаги кучукни ҳам севган лирик қаҳрамонига монанд, меҳрибон ва дилкаш инсон бўлган. У чумолига ҳам озор бермаганлиги ҳақида ривоятлар ҳам бор. Мен Алишер Навоийни, асрлар қаъридан қулф уриб турган зилол ва ҳаётбахш чашмага қиёслайман. Уни ҳеч ким ва ҳеч қачон лойқалатолмайди. Бу хусусда битган бир тўртлигимни мисол келтириб, иншоимни якунлайман. Сабр айлаб, мутолаа этганларингиз учун, раҳмат!

Чашма ердин чиқур қандай, аён бўлмас,
Хоҳ боссалар тошлар анга, ҳаён бўлмас,
Хоҳ қўшсалар лойлар, анга зиён бўлмас,
Қудсланиб қулф урар ул, поён бўлмас.

"Ҳаракат": Расмлар биз тарафимиздан uza.uz сайтидан олиниб қўйилган