12 April 2024
16:14 - Демократик мухолифат лидери дуоларингизга муҳтож


Азиз дўстлар! Сизларни ва оила аъзоларингизни Рамазон Ҳайити билан чин дилдан табрикламан. Барчангизга сиҳат - саломатлик, бахт ва тинчлик - хотиржамлик тилайман. Шу билан бирга сизлардан дўстимиз Абдураҳим Пўлат хаққига дуо қилишингизни илтимос қиламан. 


Дўстимиз ва демократия учун кураш йўлида сафдошимиз ва етакчимиз Абдураҳим Пўлатни Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда кўпчилик яхши билади. Абдураҳим аканинг Ватанимиз ва халқимиз учун амалга оширган эзгу ишлари кўпчиликка маълум. 


Абдураҳим Пўлат Марказий Осиёдаги биринчи демократик ҳаракат бўлган Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосчисидир. Абдураҳим ака ўтган асрнинг 80-йиллари охирида ўзбек халқининг ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш учун олиб борилган курашларига бошчилик қилган эди. Ӯша пайтда республика бўйлаб митинглар ва намойишлар уюштирилди. Айниқса, Тошкент шаҳрида бӯлиб ӯтган митингларда юз минглаб ўзбекистонликлар қатнашиб, диктатор Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукуматидан ўзбек тилини Ўзбекистоннинг давлат тили деб тан олишни талаб қилдилар. Бу сиёсий акциялардан сӯнг Ўзбекистон ҳукумати ўзбек тилини давлат тили сифатида тан олишга мажбур бўлди.


Абдураҳим Пӯлат кӯп йиллар давомида Ўзбекистон демократик ҳаракатига раҳбарлик қилди ва ҳозир ҳам у “Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати” демократик партияси раисидир. 


Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида, Ислом Каримов Ўзбекистон президенти бўлганидан сўнг Абдураҳим Пўлат “Ўзбекистон мустақил диктатура бўсағасида” деб номланган мақоласини ёзади. Абдураҳим ака ушбу мақоласида Ислом Каримов қураётган мустақил давлат асоси зўравонлик ва шахсий диктатура бўлади, деб башорат қилган эди. Охир - оқибат бу содир бўлди - Ислом Каримов Ўзбекистонда мустақил диктатура қурди, миллатимизнинг энг яхши фарзандлари ўлдирилди ёки мамлакатдан қувиб чиқарилди.


Ислом Каримов Абдураҳим Пўлатни ўз тарафига ўтказиш учун унга турли давлат лавозимларини таклиф қилган эди. Лекин Абдураҳим Пўлатни мансаб учун ӯз эътиқодидан воз кечмади, қайтанга сиёсий курашларини янада кучайтирди. Лекин, ӯша пайтдаги миллий ҳаракатнинг яна бир етакчиси Муҳаммад Солиҳ осонгина диктаторга таслим бӯлди. У Ислом Каримовнинг талабига биноан “Бирлик” демократик ҳаракатини парчалаб ташлади. Бу билан у Ўзбекистон демократик ҳаракатига, ўша даврда яқин дўсти бўлган Абдураҳим Пўлатга ва бошқа демократларга нисбатан хоинлик қилди.


Абдураҳим Пўлатни бӯйсунтиришнинг иложи йўқлигини англаган Ислом Каримов, уни ўлдиришга буйруқ беради. Тошкентда Абдураҳим аканинг ҳаётига бир неча бор суиқасд уюштирилди. 1992 йилнинг июл ойида “номаълум шахслар” Абдураҳим акага ҳужум қилиб, темир арматуралар билан бошига уриб-калтаклашди. Ҳужум қилганлар уни ўлган деб ҳисоблаб, беҳуш ташлаб кетишди. Абдураҳим Пўлатнинг ҳаётига қилинган бу суиқасд халқаро миқёсда катта шов-шувга сабаб бўлди. АҚШ сенатори Пресли Тошкентга учиб келди ва Пўлатни касалхонада зиёрат қилди. Лекин, Абдураҳим Пўлатнинг аҳволи яхшиланмади. Ӯша пайтдаги Озарбайжон президенти Абдулфаз Элчибей шахсий самолётини Тошкентга жўнатиб, Абдураҳим Пўлатни Бокуга даволаниш учун олиб кетди. Абдураҳим ака бир муддат Бокуда, кейинроқ, Туркияда даволанишни давом эттирди. Даволаниб чиққач Истанбулда яшаб, муҳожирликда юриб бӯлса ҳам Ўзбекистонда демократия учун курашни давом эттирди. 1998 йилда Туркияда Ўзбекистон махсус хизматлари унга суиқасд уюштиришга урингани сабабли АҚШга ҳижрат қилишга мажбур бўлди.


Кӯп ӯтмай АҚШда Абдураҳим Пўлат раҳбарлигида “Ҳаракат” журнали нашр этила бошланди ва “Ҳаракат” сиёсий ахборот агентлиги - www.harakat.net ташкил этилди.


Абдураҳим Пўлатов яқин-яқингача “Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати” партияси ва “HarakatNet” сайти ишига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Афсуски, бир ярим йил аввал Абдураҳим Пўлат оғир касал бўлиб қолди. Шифокорлар унга бош мия шиши ташхиси қўйишган эди, хайриятки, ўсимта хатарли эмас экан. Шунга қарамай шифокорлар мия операциясини ўтказиб, ўсимтани олиб ташлашга қарор қилишди. Операция муваффақиятли ўтди, аммо касаллик ўз оқибатларини келтириб чиқарди. Шу боис тикланиш даври анча қийин ўтди. Абураҳим ака тузалиб тикланишга яқинлашган вақтда, кутилмаганда яна бир зарба келди: 2023 йилинг ўрталарида, у йўл-транспорт ҳалокатига учради, Вашингтон кўчаларидан бирида уни машина уриб юборди. Ушбу фожиадан сўнг Абдураҳим аканиг саломатлиги янада қийинлашди, ҳозирда даволаниш давом этмоқда, аммо тузалиш жараёни бироз муракаблашди.


Абдураҳим Пўлатнинг касаллиги ва даволаниш жараёнлари ҳақида узоқ вақт жамоатчиликка маълумот бермадик. Тез орада тузалиб, бошига тушган воқеани жамоатчиликка ўзи айтиб беради, деган умидда эдик.


Бугун Абдураҳим аканинг турмуш ўртоғи Саида Пўлат билан суҳбатлашдим. Кӯп танишлар ва дўстлар қўнғироқ қилиб, Абдураҳим акадан анчадан бери хабар йўқлиги боис, унинг саломатлиги ҳақида сӯрашаётган экан. Саида опа Абдураҳим аканинг ҳолати тўғрисида дўстлар ва сафдошларга хабар беришимни илтимос қилди.


Биз - дўстлари ва сафдошлари, Абдураҳим акага Аллоҳдан шифо беришини тилаб қоламиз. Кӯпнинг дуоси ижобат бӯлади, дейишади. Миллатимиз устунларидан бири, ӯзбек демократик ҳаракати асосчиси ва етакчиси - Абдураҳим Пӯлатнинг соғайиб кетиб, яна сафимизга қайтиши учун дуо қилайлик!