Актуал мавзу - 19 April 2010
06:01 - Ҳизбутаҳрирчиликда гуман қилинаётган Раҳматилло Холмуҳамедов 11 йилдан бери қамоқда, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ёрдами нима учун самарасиз?
Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Гуруҳининг раҳбари Суръат Икром кеча тарқатган пресс-релизда айтилишича, МХХ ходимлари 1999 йили андижонлик Раҳматилло Холмуҳамедовнинг уйига турли варақалар ва диний адабиётлар ташлаб қўйиб, кейин ҳибсга олишган. Айнан ўша уйдан топилган материаллар асосида Раҳматилло Холмуҳамедов “Ҳизб-ут-Таҳрир” партиясининг аъзоси бўлса керак деган шубҳа остида тергов олиб борилган, у қийноқлар остида ҳамма айбларни тан олган ва 1999 йил 29 декабрда Андижон вилояти Андижон туман суди томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Раҳматилло Холмуҳамедов Жиноий Кодексининг бу каби ишларда анъанавий қўлланиладиган 156 (миллий, ирқий ва диний душманчилик чиқариш), 158 (мамлакат президентига ҳаётига таҳдид солиш), 159 (конституцион тузумга таҳдид солиш), 216 (ноқонуний диний ташкилот ёки уюшмалар тузиш), 216 (жамият хавфсизлиги ва тартибига хавф солиш) моддалари билан айбланган.

2005 йилда унга берилган қамоқ муддати битишидан бир неча кун олдин, Раҳматилло Холмуҳамедовни қамоқхона маъмуриятининг буйруқларига бўйсунмасликда айлаб, яна 3 йил қамоқ қўшиб беришган, 2008 йилда эса, айни шаклда, яна 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқаришган.

Раҳматилло Холмуҳамедовнинг турмуш ўртоғи, уч фарзандини 11 йилдан бери якка ўзи тарбиялаётган Хафизахоннинг мурожаати асосида пресс-релиз тарқатган ҳуқуқ ҳимоячиларининг мақсади - бу оилага ёрдам бериш, ноҳақ қамалган одамни озод қилишга эришиш эканлигига шубҳа йўқ.

Лекин, шу нарсани тан олиш керакки, динга боғлиқ бўлган ишлар бўйича қамалганларни ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари методолигик хато қилмоқдалар. Шу хато туфайли уларнинг фаолиятини самарадорлиги кам бўлмоқда. Бу қисқа хабар доирасида ҳуқуқ ҳимоячилари қилаётган хато ва унинг натижаларини анализ қилиш имконятимиз йўқ, дейди мухбиримиз. Лекин мавзунинг баъзи қирраларини тилга олиш лозим.

Масалан, бугунги пресс-релизда “Раҳматилло Холмуҳамедовнинг уйига ташлаб қўйилган турли варақалар ва диний адабиётлар асосида уни ҳизбутаҳрирчиликда айблашга шубҳа пайдо бўлди” деган фикр бор. Аслида, ундай бўлмаган бўлса керак. Аввал МХХчиларда унинг ҳизбутаҳрирчилиги хусусида, яъни конституцион тузумга таҳдид солувчи шахс эканлиги ҳақида шубҳа пайдо бўлган, буни исботлашга қўлларида етарлича маълумот бўлмагани учун, осон йўл танлаб, унинг уйига бир нарсалар ташлаб қўйишган.

Чунки, Раҳматилло Холмуҳамедовнн фақат ва фақат мусулмон бўлганлиги учун қамашди деган фикрга ишонадиган биронта одам топилмаслиги аниқ.

Демак, ҳуқуқ ҳимоячилари масалага методологик тўғри ёндошиб, яъни МХХчилар Раҳматилло Холмуҳамедовнинг ҳизбутаҳрирчилиги, конституцион тузумга таҳдид солувчи шахс эканлигига шубҳа қилиб, бунинг асосида иш бошлашгани ва шубҳаларини қонуний йўллар билан исботлаш ўрнига, унинг уйига бир нарсалар ташлаб қўйишгани тан олинса, шубҳа остига тушган бу шахсга, у ҳизбутаҳричи бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар, самарали ҳуқуқий ёрдам берилган бўларди, МХХчиларни ноқонуний ишларини, хусусан, "нарса" ташлаб қўйиш усулларини фош этиш осонроқ бўларди.

Раҳматилло Холмуҳамедовннинг ишига тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаса ҳам, масаланинг принципиал тарафини тушунишга ёрдам берадиган бир воқеани эслатишдан фойда бор.

Бу воқеа – сайтимизда аввалари ҳам тилга олинган “Миллий мажлис” тузиш воқеаси. 1992 йилнинг июнь ойида бу гуруҳ мухолифатчилар Ўзбекистон парламентиниг функцияларини ўз қўлига оладиган “Миллий Мажлис” номли ноқонуний ташкилот тузишга киришдилар. Бу иш бўйича бир неча одам қамалди ҳам. Ҳеч шубҳасиз, балки, яхши ниятлар биландир, улар ҳуқуқий нуқтаи назардан таҳликали прецедент яратдилар. Ҳеч нарса қилишолмаганини қўйиб туринг, ҳукуматнинг қўлига демократларга қарши кураш йўлида катта козырь бердилар.

Агар улар ҳамма нарсани инкор этиш, тергов ва суд органларинииг ноқонуний хатти-ҳаракатларини қоралаш ўрнига, “Миллий Мажлис” яратиш ғояси ноқонуний бўлгани, бу хусусда тайёрланган ҳужжат фақат лойиҳа эканлиги, унинг устида ишлаш пайтида конституцияга зид бўлган моддалар йўқотилиши муваффақлигини айтишса, ўзларини оқлаш анча осон бўларди.

Раҳматилло Холмуҳамедов кабиларни оқлаш учун ҳам ҳуқуқий тўғри йўл танланиши самаралироқ бўлиши шубҳасиздир. Ҳозир тахмин қилиш мумкинки, Раҳматилло Холмуҳамедов кабилар Ўзбекистонда конституция борлигини ҳам, исломий давлат қуриш ғояси антиконститцион эканлигини ҳам билишмайди. Мусулмон эканлигимиздан келиб чиқиб, исломий давлат қуриш учун ҳаракат қилишимиз табиий деб ўйлашади. Қуръонда ҳам бундай фикр йўқлигини, исломий давлатчилик ғояси жамиятнинг “ёғли” нуқталарини қўлида ушлаб туриш ниятидаги ғаразли ислом уламоларининг ҳаёл маҳсули эканини, давлат принцип ўлароқ, яъни буни демократлар истаётгани учун эмас, Оллоҳ яратган дунёнинг механизмлари шундай бўлгани сабабли, диний бўлолмаслигини эса ўйлаб ҳам кўришмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилар бу соҳада тўғри йўл танлашса, ўша адашган мусулмонларга ҳам ёрдам беришарди. Ҳозирча, ўша адашганларнинг кўпчлиги ҳуқуқ ҳимоячилари бизни ҳақ бўлганимиз учун ҳимоя қилишмоқда деб ўйлашмоқда ва хатоларини чуқурлаштиришмоқда.