Актуал мавзу - 12 August 2008
04:01 - Чорасизлик эмас чорамиз, ёки демократия ҳақида ўйлар (Дайнов Ташанов)
Ўзбек халқи яқин келажакда ҳаётида ижобий ўзгаришлар бўлишидан умидсизликда диктатуранинг чизиб келаётган расмларини яна узоқ томоша қилиши мумкинлигини ҳис қилиб ва мустақилликнинг илк кунлариданоқ бугунга қадар берилаётган ширин ваъдаларнинг нафақат ёлғонлардан иборат эканлигини, балки қашшоқликни чуқурлаштирувчи, озодлик ва фаравонлик истаган миллатнинг хоҳиш-иродасини куч билан бостириб турувчи реприссив омил эканлигини англаб етган бўлсада, бугун сукутда яшамоқда. Нега?

Негаки, жорийдаги асрнинг дастлабки йилларида демократик Ғарб ва АҚШ билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйила бошлаганидан халқнинг шуурида умид учқунлари пайдо бўла бошлаган эди. Бироқ Андижон воқеалари боис умидлар саробга айланиб, диктатурага демократик Ғарбдан ёки АҚШдан айтарлик босимлар сезилмади. Қолаверса, Ўзбекистон Конституцияси қўпол бузилиб, Ўзбекистон Президенти халқаро демократик нормаларга амал қилмаслигига Ғарб ва АҚШнинг томошабин бўлиб туриши ўзбек халқининг ҳафсаласини пир қилди.

Янаям аниқроғи, демократияни четдан экспорт қилиш имконсиз эканлигини ҳамда Ғарб ёки АҚШнинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларидан кўзлаган бошқа мақсадлари муҳимроқ эканлигини тушуниб етди. Аммо илож қанча қабилида жим қараб тураверсак келажак авлоднинг қарғишига учрашимиз тайин. Шундай экан, азалдан шаклланган миллат сифатида биз ўзбеклар ҳам адолатсизликка, инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизнинг топталишига қарши ўзимиз курашмоғимиз керак.

Курашнинг эса энг самаралиси сайловлар чоғида демократияни қўллаб-қувватлаб аксарият халқнинг онгли равишда овоз беришидир. Халқнинг сиёсий фаоллиги билангина қарор топган адолат умрбоқийдир.

Сўнги икки ўн йиллик тарихимизга назар ташланса, бой берган имкониятларимиз яққол кўзга ташланади. Менинг назаримда бугунги иқтисодий ва сиёсий қашшоқликнинг, ҳақсизликнинг илдиз отишига халқни, ўзбекона менталитетимизни айбдор деб бўлмайди. Ўзбек халқи азалдан ёвқур халқ, аждодларимиз қонида оқиллик, мардлик ва жасорат оқиб турганига тарих гувоҳлик беради. Бироқ, халқ денгиз каби қудратли бўлсада, ҳар доим бир етакловчи сиёсий кучга муҳтожлик сезади.

Ўтган асрнинг сўнги ўн йиллиги бошида халқнинг хоҳиш-иродасини ифодаловчи ягона йўл - демократияга бошловчи етакчи сиёсий куч сифатида майдонга чиққан ўзбек мухолифатини халқ сиёсий фаоллик билан қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ, мухолифат халқнинг сиёсий фаоллигидан омилкорлик билан фойдалана олмади.

Бу борада алоҳида таъкидлаш жоизки, “Сотқинлик бор жойда қуллик бор”лиги ўзбек мухолифати фаолиятида ҳам ўз мевасини берди.

Ҳозир 53-54-чилар дебтанилишга бошлаганларнинг биринчи миллий демократик ҳаракатни парчалашлари сотқинлик эканлигини ҳозир ҳамма тушуниб бормоқда. Аммо, хоинлик кейин ҳам давом этганини ҳеч ким тилга олмаяпти. Мен шу ҳақда ҳам гапирмоқчимаг.

1991 йилдаги дастлабки президентлик сайловида мухолифатнинг президетликка номзоди нафақат ўзбек мухолифатига, балки мухолифатни қўллаб-қувватлаган миллион-миллионлаб ўз сайловчиларига хиёнат қилиб, халқнинг энг катта сиёсий имкониятини диктатурага арзон-гаровга сотди. Мухолифат номзоди юўлган Муҳаммад Солиҳ-Салой Мадамин сайлов ҳаддан зиёда бузилганлигига минг-минглаб далиллар тўпланган бўлишига қарамасдан, сайловнинг қонунийлигини тан олиб, рақибини ғалаба билан табриклади. Ўша даврда ҳали эсини йиғиб ололмаган мутлақ президентимиз сотқин рақибнинг саъи-ҳаракатлари туфайли диктаторлик курсисини мустаҳкамлаб олди.

Шу нуқтаи-назардан қаралганда, бугунги миллионлаб ўзга юртларда сарсон-саргардон юртдошларимизнинг изғиб юришига, ўзгаларга қулликка маҳкум этилишига, ўзбек халқининг мухолифатдан юз ўгиришига, ўзига бино қўйган сотқиннинг ҳиссаси репрессив режимнинг ҳиссасидан кам бўлмади.

Шундай бўлсада, у хоиннингнинг номини тилга олмоқчи эмасдим. Бироқ, яқинда “Озодлик” радиосининг “Қурултой” рукнидаги эшиттиришида отдан тушсада ҳали эгардан тушмаган, ўз вақтида халқнинг хоҳиш-иродасини арзон гаровга пуллаган Салой Мадамин жамиятни янгилашнинг ягона йўли халқнинг исёнга келишидир, деб башорат қилиши, тўғрироғи, халқни исёнга даъват қилиши унинг ақлий заифлигини яна бир бор кўрсатди.

Унинг бу чиқишини репрессив режимнинг тегирмонига сув қуйиш, деб ҳам баҳолаш мумкин. Негаки, бу “жаноб”нинг радио орқали чиқиши репрессив режимга ватан ичидаги мухолифат фаолларига қарши қатағонни кучатириши муқаррар. Шу сабабли, “Озолдик” радиоси ўзбек халқидан кўроқ режимга хизмат қилаётгани ҳақидаги иддаолаода жон бодек кўринади.

Қолаверса, Андижондаги қирғинбаротлар кимнинг кимлигини кўрсатмадими, репрессив режим стихияли чиқишларни пойлаб турган бир пайтда халқни қонли исёнга даъват қилиш мумкинми ахир?!

Демократик ўзбек мухолифати ҳеч қачон қонли инқилоб йўли билан жамиятнинг янгиланишини истамайди. Жамиятни биз истаган янгилаш йўли - демократик сайловларда халқнинг режим устидан ғалаба қилишидир.

Бу ғалабани таъминлаш эса, илдизи халқдан озиқланаётган демократик мухолифатнинг зиммасидаги улкан масъулиятдир. Бу масъулиятли вазифани амалга оширишнинг ягона йўли - халқ ишончини қайтадан қўлга киритиш. Халқнинг сиёсий фаоллигини қай даражада ошиши ҳам жуда муҳим.

Шундай экан, демократик мухолифатнинг, унинг етакчи кучи бўлган “Бирлик” Партиясининг Харакат Стратегиясида ва тактикаларида жиддий ўзгаришлар бўлиши кераклигини бугунги вазият тақозо этмоқда. Партиямиз раиси Абдураҳим Пўлатнинг “Асосий вазифамиз қурултойга тайёрланиш ва стратегик йўналишларни белгилаш” мақоласидаги фикрларни муҳокама қилиш доирасида ўз мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Репрессив режимнинг ўзбек мухолифати фаолиятини батамом тўхтатишга уринишларига қарамасдан халқаро ҳуқуқий меъёрларда, Ўзбекистон Конститусияси доирасида, муқим позициямиздан бирон қадам ҳам чекинмаган ҳолда, ўз Низомимиз доирасида фаолиятимизни давом эттиришимиз шарт ва зарур. Ўзбек мухолифатининг ҳали ишга солинмаган катта-катта имкониятлари мавжуд.

Нафақат демократия масаласида, балки тараққиётнинг бошқа жабҳаларида ҳам биронта янгиликка қурби етмаётган мавжуд диктатура оддий халқдан кўра ҳам ҳокимиятнинг, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан кўпчилигининг ҳафсаласини пир қилганини кўриб турибмиз. Кечагина ёқангиздан олаётганлар бугун сизга ҳамдард. Буни кўрмаслик мумкин эмас. Мен аминманки, виждон азоби қийнаётган шундай юртдошларимиз ҳисобига ҳам эртага мухолифатнинг сафи кенгая боради.

Демоқчиманки, кучлар нисбатидаги ўсиш демократлар томонда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, тез орада бизнинг диёримизда ҳам демократиянинг шамоли эса бошлаши аниқ. Партиямизнинг Маразий Кенгаши ва Ҳайъати йиғилишларида, вилоятларда ўтаётган қурултойолди конференцияларида кенг муҳокама қилиниб, бажарилиши заруратга айланган муҳим вазифаларимиз билан мухолифат фаоллари ва кенг жамоатчиликни таништириш ниятидаман:

1. Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари доирасида демократик мухолифат фаолининг китобча шаклидаги тарғибот қўлланмасини яратиш керак. Қўлланмада қуйидагилар ўз аксини топиши мумкин:

а) Демократик мухолифат кимлардан иборат, унинг мақсад ва вазифалари нима?
б) Демократия ва диктатурага қиёсий характеристика.
в) Бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий инқирозларнинг сабаблари ва бартараф этиш йўллари ҳақида.
г) Демократик сайловлар ва уларда сайловчиларнинг иштроки қандай бўлиши кераклиги ҳақида.
д) Марказий Осиёда интеграцион жараёнлар азалдан қон-қардош халқларга нималар беради ва унга қўйилган тўсиқлар ҳақида.
е) Халқаро муносабатларда ютуқ ва камчиликларимиз ҳақида.
ж) Диний ташкилотлар ва уларнинг мақсади ҳақида.
з) Демократик мухолифатнинг диктатурага, диний ташкилотларга муносабати ҳақида.
и) Келажакда демократик мухолифат ҳокимиятга келганда, нафақат ҳарбий, балки демократик сиёсий ташкилот ҳисобланган НАТОга Ўзбекистоннинг кириши қандай ижобий натижаларга олиб келиши ҳақида ва шунга ўхшаш халқ билиши лозим бўлган муҳим масалалар мажмуасини яратиш ва уни оммавий шаклда халққа тарқатиш.

2. Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон республикалари, Россия, Украина, Озарбайжон, Туркия каби қўшни давлатлар ҳамда ривожланган демократик мамлакатларнинг сиёсий демократик партиялари ва инсон ҳуқуқлари жамиятлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, уларнинг ҳар томонлама кўмагига таянишни, уларнинг фаолияти давомидаги илғор тажрибаларини ўрганишни ва уларни фаолиятимизга тадбиқ этишни йўлга қўйиш.

3. Марказий Осиё Бирлигини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Марказий Осиё давлатлари демократик нодавлат ташкилотларининг анжуманини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш.

4. Партия раҳбар органларига аниқ вазифалар юклаш ва уларнинг иши юзасидан мунтазам ҳисоботларини эшитиб боришни такомиллаштириш.

5. “Давра Кенгаши”фаолиятини қайта жонлантириш.

6. Партиянинг расмий фаолиятини таъминлашга оид ишларни қайта жонлантириш.

7. Партиянинг Низомини, Ҳаракат Дастурини талаб ва таклифлар асосида янада такомиллаштириш ва ҳакозолар.

Дайнов Ташанов
“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари
2008 йил, август