Актуал мавзу - 22 June 2019
01:01 -
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқи (21 июнь 2019 йил)
Ассалому алайкум, муҳтарам Сенат аъзолари!
Ҳурматли ялпи мажлис қатнашчилари!
Авваламбор, бугун сиз, азизлар билан учрашиб, барчангизни соғ-саломат, яхши кайфиятда кўриб турганимдан мамнунман.
Шу имкониятдан фойдаланиб, сизларга ўзимнинг юксак ҳурматим ва самимий тилакларимни билдираман.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бугунги ялпи мажлиси барқарор миллий тараққиётимизнинг янги босқичида, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар жадал олиб борилаётган масъулиятли бир даврда бўлиб ўтмоқда.
Ҳозирги кунда кўпмиллатли халқимиз мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўлида баҳамжиҳат бўлиб, қатъият ва фидойилик билан меҳнат қилмоқда.
Олдимизга қўйган улкан марраларга эришиш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилмоқда. Айниқса, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, самарали ташқи сиёсат олиб боришдек устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқ билан доимий ва тизимли мулоқот асосида умумий сони 33 миллиондан ортиб бораётган аҳолимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида янги қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, иқтисодиёт соҳасида ижтимоий йўналтирилган ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, тадбиркорлик, хусусий мулк ривожига кенг йўл очиб бериш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ва инфратузилмаларини ташкил этиш масалаларига биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Янги иш ўринлари яратиш, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, болалар боғчалари, мактаблар ва олий ўқув юртлари, шифохоналар, маданият ва санъат, спорт масканларини барпо этиш, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг ҳаёти обод ва фаровон бўлишига эришиш, уни рози қилиш – барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддиларнинг фаолият мезонига айланмоқда.
Албатта, ҳаётимиздаги бундай улкан миқёсдаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда миллий парламентимиз – Олий Мажлис ва унинг юқори палатаси бўлмиш Сенатнинг, сиз, ҳурматли сенаторларимизнинг фаолияти ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини ҳаммамиз яхши биламиз.
Биз Сенат деганда, биринчи навбатда, миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий салоҳиятини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз.
Ёдингизда бўлса, бундан икки йил олдин, яъни, 2017 йил 12 июль куни сиз, муҳтарам халқ ноиблари билан учрашиб, парламентимиз фаолиятини бугунги шиддатли даврнинг ўткир талаблари асосида янада такомиллаштириш бўйича энг муҳим вазифаларни белгилаб олган эдик.
Мен яхши эслайман, ўша учрашувда “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак”, деган фикр ўртага қўйилган эди.
Ана шу дастурий ғояни амалга ошириш учун Олий Мажлисга Мурожаатномаларимизда ҳам Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаётида миллий парламентаризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани сизларга яхши маълум. Бу борада, жумладан, Олий Мажлис палаталарининг жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ишини самарали ташкил этиш учун зарур шароит яратиш, депутатлар ва сенаторлар фаолиятининг моддий-ташкилий таъминотини яхшилашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар кўрилди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли демократик жараёнларда Сенат томонидан қонун ижодкорлиги билан бирга таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, жойларга чиқиб, аҳолимизни қийнаётган, безовта қилаётган муаммоларни ўрганиш, уларни ҳам қонуний, ҳам амалий нуқтаи назардан ҳал қилиш юзасидан бир қатор эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилаётганини албатта эътироф этиш лозим.
Биз ўз фаолиятимизни бошлаган дастлабки кунлардан эътиборан сиз, ҳурматли халқ вакиллари билан барча муҳим вазифаларимиз қаторида иккита энг асосий масалага алоҳида аҳамият қаратиш ҳақида келишиб олган эдик. Буларнинг биринчиси – жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўлса, иккинчиси – аҳолимизнинг соғлиғини муҳофаза қилишдир.
Ҳаммамиз тушунамиз, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун халқимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Шунинг учун ҳам мана шу икки соҳада биз аҳволни тубдан ўзгартириб, ижобий натижаларга эриша олсак, бутун жамиятимиздаги вазият ва ижтимоий муҳит кескин ўзгаради, мен бунга аминман.
Шу мақсадда биз парламент аъзоларига катта ишонч билдириб, Қонунчилик палатасига – соғлиқни сақлаш соҳасида, Сенатга эса ички ишлар органлари тизимида ислоҳотларни амалга оширишда бош-қош бўлишни таклиф этган эдик.
Бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятини самарали ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролар онгида “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар”, деган юридик тамойилни қарор топтириш борасида эришилаётган ютуқларда Сенат аъзоларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Айни вақтда мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, жамиятимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш билан боғлиқ ғоят долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажаришда Сенатнинг роли ва таъсирини оширишни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, мен Сенат фаолиятида ўз ечимини кутиб турган бир қатор муҳим масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, Сенатнинг қонунчилик фаолиятида, ишни тўғри ташкил қилишда талабчанлик ва жонкуярлик, ташаббускорлик ва изчиллик етишмаётганини қайд этиш лозим.
Мисол учун, 2015-2018 йиллар давомида юқори палата томонидан 140 та қонун маъқулланган бўлса-да, аксарият қонунларнинг маъно-мазмуни Сенатда кўриб чиқилганидан сўнг сезиларли даражада ўзгармаган.
Маълумки, қонунлар муҳокамасининг бошланғич босқичларида миллий ва ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан Сенат аъзоларининг мазкур муҳокамада фаол қатнашишлари талаб этилади. Афсуски, шу мақсадда тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятига айрим Сенат аъзоларининг юзаки ёндашиш ҳолатлари учраб туради.
Гарчи Сенат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаса-да, бу ҳол унинг қонунларни такомиллаштириш бўйича таклиф кўрсатишига монелик қилмайди. Тан олиш керакки, бу борада юқори палата вакиллари томонидан ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий соҳалардаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, қонунчиликни ривожлантиришга оид асосланган таклифларни киритиш масаласи, афсуски,талаб даражасида эмас.
Иккинчидан, Сенатнинг парламент назоратига оид амалдаги ваколатларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Ўтган 4 йил давомида Сенат томонидан атиги 10 та парламент сўрови юборилгани ҳам бунинг тасдиғидир.
Ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш талаб этилаётган ҳозирги шароитда бундай ҳолат бизни албатта қониқтирмайди.
Тўғри, кейинги вақтда Сенат томонидан марказий ва маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганиш юзасидан 131 та назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилган. Аммо мазкур тадбирларнинг натижадорлиги паст бўлиб, уларнинг аксарияти фақат тадбир ўтказиш учун номига ташкил этилмоқда.
Парламент назорати доирасида аниқланган тизимли муаммоларни умумлаштириб, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича аниқ, асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишлари қониқарли эмас. Айниқса, бу борада халқаро ҳуқуқ талабларини ҳамда ривожланган хорижий давлатларнинг қонунчилигини ўрганиш, уларнинг илғор юридик тажрибасини қўллаш бўйича ташаббусларни илгари суриш борасида Сенат фаолиятида ўзгариш сезилмаяпти.
Учинчидан, ҳаммамиз биламизки, Сенат – бу Олий Мажлиснинг ҳудудий вакиллик палатасидир. Бироқ Сенат фаолиятида ҳудудларнинг манфаатларини инобатга олиш, умуман, ҳудудларга оид масалаларни кўриб чиқиш яқин-яқингача эътибордан четда қолиб келгани ҳеч кимга сир эмас.
Юқори палата томонидан муайян ҳудудни субвенция (дотация) дан чиқариш бўйича ҳокимнинг ахбороти бирор марта ҳам тингланмаган. Фақатгина 2018 йилда Сенат тарихида илк маротаба тегишли вилоят ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш юзасидан ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Жумладан, Андижон, Бухоро, Фарғона вилоятлари ҳокимларининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари эшитилди. Лекин булар ҳали етарли эмас.
Айни вақтда юқорида зикр этилган парламент эшитувлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг мазмуни асосан ҳокимлик ва маҳаллий давлат идораларига умумий руҳдаги топшириқлар бериш билан чекланиб қолмоқда.
Бу ҳужжатларда ҳар томонлама чуқур тайёрланган, ҳар бир ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни ечишга, аҳолининг оғирини енгил қилишга қаратилган аниқ вазифалар ўз ифодасини топмаяпти. Шу билан бирга, ушбу қарорлар ижроси устидан назоратни амалга ошириш ишлари ҳам суст олиб борилмоқда.
Тўртинчидан, маълумки, Сенат зиммасига халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш вазифаси ҳам юкланган. Ушбу масала бўйича юқори палатамизда махсус комиссия ҳам тузилган.
Мазкур йўналишда дастлаб муайян тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, охирги йилларда Сенат томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш бўйича ишлар тизимли асосда олиб борилмаяпти. Ваҳоланки, жойлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатларининг профессионал савияси ва ҳуқуқий саводхонлиги, уларнинг депутатлик фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш кўникмалари бугунги кун талаблари даражасида эмас, десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, биз келгусида ҳокимларнинг ижро ва вакиллик ҳокимияти раҳбари сифатидаги ваколатларини алоҳида-алоҳида ажратиб қўйишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйган эканмиз, Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этишдаги роли ва масъулияти янада ортиши табиий.
Бешинчидан, яна бир муҳим масала – бу Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ.
Барчамизга аёнки, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўтариш, фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасида ҳам Сенатнинг муҳим вазифалари бор.
Бу соҳада Сенат, хусусан, Раиснинг биринчи ўринбосари Содиқ Солиҳович Сафоев томонидан кўпгина ишлар амалга оширилаётганини албатта эътироф этишимиз керак.
Катта ҳаётий ва сенаторлик тажрибасига эга С.Сафоев хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўпқиррали ва самарали ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги туб ислоҳотларнинг маъно-мазмунини жаҳон жамоатчилигига етказишда жонбозлик билан фаолият кўрсатмоқда.
Биргина шу йилнинг ўзида Сенат иштироки ва шафелигида 50 дан зиёд халқаро анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Лекин юқори палатамизнинг халқаро йўналишдаги ишининг натижадорлигига яхлит баҳо берадиган бўлсак, ҳали тўла ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Жумладан, Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги парламентлараро ассамблеяси ва Ўзбекистон номидан Олий Мажлис аъзо бўлган бошқа халқаро парламент ташкилотлари билан ишлаш стратегиясини белгилайдиган, аниқ ва узоқ муддатни кўзлайдиган иш режаларини Сенат белгилаб олиши лозим.
Умуман, парламентлараро ҳамкорлик доирасида сенаторларнинг чет элларга расмий ташрифлари олдиндан пухта режалаштирилиши керак, музокаралар доирасида хорижий шериклар билан муҳокамага қўйиладиган масалаларни пишиқ-пухта белгилаб олиш шарт.
Оддий қилиб айтганда, парламентлараро ҳамкорликка оид ташрифларга юқори натижадорлик нуқтаи назаридан ёндашишнинг вақти-соати келди.
Бундан ташқари, хорижий инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига оид тасдиқланган кўплаб “йўл хариталари" устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ҳам Сенат фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномаларнинг ижросини парламент назорати тартибида мунтазам ўрганишни йўлга қўйиш лозим.
Азиз дўстлар!
Маълумки, ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси халқ ҳаётидаШахс – Оила – Жамият – Давлат деган тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади. Жамиятнинг бирламчи ва асосий бўғини бўлган оилани эса муҳтарам аёл сиймосисиз асло тасаввур этиб бўлмайди.
Халқимиз азалдан муқаддас Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келади. Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли сўзларда албатта чуқур маъно бор.
Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.
Бугунги кунда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хотин-қизларимиз орасидан Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий кенгашларда эса халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади.
Республика бўйича жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислиги учун ўтказилган сайловларда 1 минг 25 нафар аёл ўзини ўзи бошқариш идоралари раиси лавозимига сайланди.
Юртимиздаги турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар сони ҳам ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 45,3 фоизга етган.
Хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоиздан зиёдни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда. Юртимиздаги жами тадбиркорлик субъектлари таркибида тадбиркор аёлларнинг улуши 29 фоиздан иборатдир.
Шу ўринда БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг жорий йил 11-17 март кунлари бўлиб ўтган, мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашган БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 63-сессиясида айтган бир фикрини келтирмоқчиман. “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда”, деб таъкидлади А.Гутерриш.
Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ихтисослашган муассасалар томонидан юқори баҳо берилмоқда.
Барчамизни руҳлантириб, янги куч-қувват бағишлайдиган бундай ижобий ўзгаришларга, авваламбор, юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, уларнинг ижтимоий нуфузини янада юксалтиришга қаратилган салмоқли ишларимиз мустаҳкам пойдевор бўлаётганини таъкидлаш лозим.
Ўтган қисқа даврда бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди ва улар изчил амалга оширилмоқда. Албатта, сизлар буларнинг барчасидан яхши хабардорсиз. Шунинг учун мен бу масалага батафсил тўхталиб ўтирмоқчи эмасман.
Энг муҳими, бу устувор йўналиш бизнинг доимий эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Жумладан, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур шароит яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.
Мисол учун, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш доирасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган 12 минг 651 нафар аёлга 1 триллион 235 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар берилди. Шу билан бирга, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан кам таъминланган оилаларга мансуб 1 минг 949 нафар опа-сингилларимизга 42 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Кейинги пайтда юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича янги тизим яратилди. Ана шу тизим асосида 1 минг 564 нафар хотин-қизлар нафақат уй-жойга, балки иш ўринларига ҳам эга бўлиб, уларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётгани ғоят муҳимдир.
Хабарингиз бор, бугунги кунда “Беш ижобий ташаббус”доирасида бошланган ишларимиз тобора кенг тарқалмоқда, халқимиз бу ҳаракатни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, хотин-қизлар бандлигини оширишга доир бешинчи ташаббус бўйича 2019-2020йилларда ҳар бир туманда тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун қарийб 57 мингта янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда. Бу лойиҳалар ўзининг дастлабки натижаларини бермоқда. Лекин уларнинг самарасини ошириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
Эътиборингизни яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги бўйича ўтказилган охирги ижтимоий сўровлар иштирокчиларининг 70,2 фоизи мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилганини қайд этган. Ушбу сўровда қатнашган 81,5 фоиз респондентларнинг фикрича, аёлларнинг жамоат ёки сиёсий ташкилотларда ўз фаолиятини амалга оширишда ҳеч бир шахс ва бирор-бир ҳолат уларга халақит бермайди.
Шу ўринда мени онгимизда чуқур илдиз отган бир ақида кўп ўйлантиради. Биз доимо аёл – бу она, оиламиз бекаси, деб уларни улуғлаймиз. Бу тўғри, албатта. Аммо ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт.
Афсуски, биз узоқ вақт бу масалага етарлича эътибор бермасдан, ҳурматли опа-сингилларимизнинг дарду ташвишларига бепарво қараб келганимиз туфайли йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бугун, очиғини айтиш керак, осон бўлмаяпти. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, муҳтарам опа-сингилларимиз учун муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиб бериш бўйича биз бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз. Чунки, такрор айтаман, агар аёл, она бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади.
Сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда ҳурматли аёлларимизнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширишимиз зарур.
Биринчидан, бундан ўн йил олдин Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари таркибида хотин-қизлар миқдори 20 фоиздан ортиқ эди. Эндиликда бу кўрсаткич юқори палатада – 17 фоизга, қуйи палатада эса – 16 фоизга тушиб қолди. Бу нимадан далолат беради?
Жавоб аниқ: сиёсий партияларимиз ўз сафларига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишга етарлича эътибор бермаяпти. Ваҳоланки, БМТ маълумотларига кўра, парламентларда аёлларнинг вакиллиги бутун дунёда ўсиб бормоқда ва 2018 йилда бу кўрсаткич 24,3 фоизни ташкил этган.
Сизларга яхши маълумки, жаҳондаги демократик тажрибадан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида парламент ва маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларда хотин-қизлар орасидан кўрсатиладиган номзодлар бўйича 30 фоизлик квота белгиланган.
Юртимизда ўзининг ақл-заковати, чуқур билими, катта ҳаётий тажрибаси, фидокорона меҳнати, инсоний фазилатлари билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиб келаётган опа-сингилларимиз кўплаб топилади. Бу йил Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ана шундай сиёсий савияси етук, меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз ўз салоҳиятини намоён этиб, депутат ва сенатор бўлиб сайлансалар, мен ишонаман, бундан давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам фақат катта наф кўради.
Парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган аёллар сонининг ўсиши қонун ижодкорлиги жараёнида хотин-қизларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имкониятини беради. Шунингдек, давлат бюджети шаклланишида гендер тенглиги масалаларини инобатга олиш мумкин бўлади.
Иккинчидан, Олий Мажлис тизимида хотин-қизлар масалалари билан бевосита шуғулланадиган бирон-бир қўмита мавжуд эмас.
Тўғри, 2017 йили Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси тузилган эди. Бу тузилма негадир ишламади, унинг Низомида белгиланган вазифалар қоғозда қолиб кетди. Оқибатда бугунги кунда оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган муайян бир тузилма Қонунчилик палатасида ҳам, Сенатда ҳам йўқ.
Учинчидан, ўтган икки йилда халқаро андозалар талаблари доирасида аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланган ва ижрога қаратилган. Аммо қонун ижодкорлари ўзларининг бу борадаги асосий вазифаси билан шуғулланиш ўрнига, ҳали ҳам “ухлаб” ўтирибди.
Фаоллик ва ташаббускорликни ошириш зарур. Яқин вақт ичида иккита янги қонун, яъни “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”гиқонунларни қабул қилишимиз керак.
Тўртинчидан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари жадал ривожланмоқда. Лекин 9 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотдан фақатгина 376 таси аёллар муаммолари билан шуғулланади. Бу етарли эмас, албатта.
Ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Улар фақат номига йиғилиш ва тадбирлар ўтказиш билан машғул бўлиб қолмоқда.
Бу борадаги аҳволни тубдан яхшилаш учун Сенат фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидаги масалаларга қаратилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Аввало, оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини кучайтириш лозим. Бунинг учун қандай янги қонунлар қабул қилиш, қайси қонунларни ўзгартириш кераклиги ҳақида фуқароларимиз, сайловчилар сиз, ҳурматли сенаторларимиздан аниқ таклиф ва тавсия кутмоқдалар.
Яна бир муҳим масала – аёлларни иш билан таъминлаш, хотин-кизларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун шароит яратиш, уларнинг ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этишдан иборат.
Навбатдаги долзарб вазифа – аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, оилаларнинг тиббий маданиятини оширишда кўмаклашиш, жойларда, хусусан, маҳаллаларда, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган маърифий-тарбиявий ишлар самарадорлигини кучайтириш билан боғлиқ. Бу борада, айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга ўргатиш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.
Шулар қаторида бизнинг меҳр-оқибатли, оқкўнгил аёлларимизга мутлақо ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳларнинг, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш доимий эътиборимиз марказида бўлиши зарур. Бу борада хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш ҳам устувор вазифа ҳисобланади.
Кейинги пайтда тўғри йўлдан адашганларни кечириш ва соғлом ҳаётга қайтариш, оила, маҳалла ва жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз лозим.
Мана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этаман.
Муҳтарам Сенат аъзолари!
Ҳаммангизга маълумки, Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев 2015 йилдан буён Сенат Раиси лавозимида ишлаб келди. Шу ўтган давр мобайнида Сенат томонидан эришилган барча ютуқ ва натижаларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта.
Мен кеча Н.Йўлдошевни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинлаш ҳақидаги фармонга имзо чекдим. Шу муносабат билан у Сенат Раиси лавозимидан муддатидан олдин озод этилди.
Ҳурматли Ниғматилла Тўлқинович, сизга ушбу масъулиятли вазифада муваффақият тилаймиз.
Ҳурматли сенаторлар!
Энди Сенатнинг янги Раисини сайлаб олишимиз керак. Бу лавозим эгасига қандай юксак талаблар қўйилишини барчамиз албатта яхши тушунамиз.
Сенат Раиси, аввало, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунадиган, ижтимоий ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, оила, жамият ва давлат институтларини ўзаро уйғун ривожлантиришга билим ва салоҳияти, ҳуқуқий тафаккури етадиган, катта ташкилотчилик қобилиятига эга, Сенат фаолиятини бугунги янги талаблар даражасида ташкил этишга қодир шахс бўлиши керак.
Биз бу борада кўп фикрлашдик, жаҳон парламентаризми амалиёти ва ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ҳам ўргандик.
Билдирилган барча фикр ва таклифлардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси лавозимига Танзила Камаловна Норбоева номзодини таклиф этаман.
У 1956 йили Андижон вилоятида туғилган, маълумоти олий, Тошкент давлат университетини тугатган. Ўз меҳнат фаолиятини мактаб ўқитувчилигидан бошлаган, Халқ демократик партиясида туман кенгаши котиби, ушбу партиянинг Марказий кенгаши шўъба мудири, 1995 йилдан 2010 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматида масъул лавозимларда ишлаган.
2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси вазифасида фаолият юритган. 2016 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Т.Норбоева қаерда ишламасин, ўзининг меҳнатсеварлиги, билим ва тажрибаси, талабчанлик ва ташкилотчилик фазилатлари, ўзига ишониб топширилган вазифани масъулият билан адо этиши, камтарлиги билан мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонган.
Танзила Камаловна Норбоева номзодини Сенат Раиси лавозимига тасдиқлаш учун овозга қўйишни илтимос қиламан.
Ҳурматли сенаторлар!
Ишончим комил, барчангиз Сенатимизнинг янги Раиси раҳбарлигида Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун ўзингизни аямасдан, катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласизлар.
Шу эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат. // ЎзА