17 August 2010
04:31 - “Эзгулик”: “Бош прокурор қулоғига пахта тиқиб олган...”
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугун тарқатилган 22-сонли релизи халқимизнинг ажойиб мақоллари билан бошланади: “Қози муттаҳам бўлса, дардингни кимга айтасан”, “Ўйнашмагин арбоб билан...”. Жамият фаолларининг таъкидлашича, бу қанотли ибораларнинг барчаси амалдорларнинг наинки адолатсизлиги, балки қабиҳликларнинг бошида уларнинг ўзлари турганига ишорат экан. Буни Бухоро вилояти прокуратурасининг собиқ терговчиси Ўткир Соҳибовнинг мурожаатлари асосида исботлашга уринган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат эътиборини терговчи олиднга сураётган иддаоларга қаратишга уринишади.

Релизда айтилишича, Ўткир Соҳибов 2005 йилда прокуратура органлари сафидан чиқарилган, тўғрироғи, прокуратура органи томонидан бошқарилаётган коррупцион халқанинг манфаатларини ҳимоя қилмагани учун бадном этилган. “Бухоросувоқова” бошқармаси раҳбарияти томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларни текшираётиб, ўша пайтдаги Бухоро вилояти прокурори Шуҳрат Муҳамедовдан ташкилот маъмурияти чўтали эвазига терговни тўхтатиш ҳақида ноқонуний кўрсатма олган, бироқ уни бажармагач, “хизмат текшируви” билан лавозимидан четлатилган. Шундан бери ўзи ишлаган тизимдаги қинғирликлар ҳақида Президентга, Бош прокурорга ёзади. Бу жанобларга 100 мартадан ортиқ мурожаат қилиб, шахсан ўзларидан бир марта ҳам жавоб ололмаган.

Собиқ терговчининг ёзишича, одамлар бозорда бир баклашка ёғ учун қамалиб кетаётган ҳозирги паллада “Бухороёғ” акциядорлик жамиятидан келадиган мўмайгина даромадлар вилоят прокуратураси маъмурларининг чўнтагига келиб тушади... Оддий ўзбекнинг орзуси бўлган “Ласетти” сингари мошиналарни харид қилиш прокурорлар учун писта сотиб олишдек гап... Вилоят нефть маҳсулотлари идоралари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари жўмрагидан оқаётган “қора олтин” уларнинг ҳамёнини қаппайтирмоқда... Халқнинг осойиштилиги-ю, тинчлиги улар учун бир пул: аксинча, Бухоро вилоятида 2004 йилда бўлган портлашлар қаҳрамонлари ишини 120 минг АҚШ доллари эвазига тинчитиб юборишмаган бўлишарди... Прокурорларнинг қариндошлари номига очиб ташланган фирма омборлари тўлиб тошган, уларнинг сон-саноқсиз фермаларидаги қорамоллар семириб, пишқириб ётибди... Матбуот, телевизор ҳуқуқий жамият, буюк келажакдан лоф ураётган ҳозирги паллада бу прокурорлар учун инсон ҳаётининг сариқ чақалик қиймати йўқ: улар қамаган бир неча шахслар кейинчалик оқланишган...

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мудраётган депутатлар, Парламентнинг суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари, Президент девонининг лоқайд амалдорларини прокуратура тизимида юзага келган мазкур ҳолатни, мурожаатда келтирилган рақам ва далилларни ўрганишга ундайди. Яқинда учинчи муддатга тайинланган Бош прокурорни собиқ ҳамкасбининг иддаоларига изоҳ беришга чақиради.