15 January 2023
18:42 - Vaxtang-Kikabidze-Ulug-artist-2023 - Улуғ артист Вахтанг Кикабидзе вафот этди

Бугун 2023 йил 15 январида совет ва грузин актёри, қўшиқчи ва режиссёр Вахтанг Кикабидзе 85 ёшида оламдан ўтибди. Бу ҳақда аввалига Грузиянинг «Мтавари архи» телеканали хабар беришибди, кейинроқ артистнинг яқинлари ОАВга унинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлашибди.
Фото: ИТАР-ТАСС

Вахтанг Константинович Кикабидзе 1938 йил 19 июлида Тбилисида туғилган. Унинг отаси Константин Кикабидзе журналист бўлиб ишлаган, онаси - Манана Багратиони - профессионал қўшиқчи бўлган.

Мактабни битиргач, Вахтанг Тбилиси давлат университетига ўқишга киради. Иккинчи курслигида ўқишни ташлайди ва 1959 йилда Тбилиси филармонияси артистига айланади. Кейинроқ Тбилиси хориж тиллари давлат институтида ўқийди, аммо уни ҳам тамомламайди.

1966 йилда Вахтанг Кикабидзе илк бор режиссёр Николай Санишвилининг «Тоғлардаги учрашув» (Вчтреча в горах») номли мусиқали комедиясида суратга тушади. Уч йил ўтиб режиссёр Георгий Данелия Кикабидзени ўзининг «Йиғлама» («Не горюй!») номли трагикомедиясида ёш врач Бенжамен Глонти роли учун таклиф этади.

У ўз фаолияти давомида совет ва грузин киносида ўнлаб роллар ижро этган. Кикабидзега шуҳрат келтирган ролларидан бири - Георгий Данелиянинг «Мимино» фильмидаги Валико Мизандари образи эди. У шунингдек «Йиғлама!» («Не горюй!»), «Верийский квартали медодияси» («Мелодии Верийского квартала», «ТАСС маълум қилишга ваколатли...» («ТАСС уполномочен заявить...») картиналаридаги ижролари билан ҳам муваффақият қозонган.

1981 йилда Вахтанг Кикабидзе ўз сценарийси асосида «Соғ бўл қадрдон» («Будь здоров, дорогой!») фильмини ишлайди, бу фильм 1983 йилда Габрово фестивалида Гран-при олади. 1985 йилда Кикабидзе «Эркак ва қолганлар» («Мужчина и все остальные») картинасини суратга олади, унда ўзи бош ролни ижро этади.

Унинг фильмографиясида жами 20 дан ортиқ картина бор.

Киноактёрликдан ташқари Кикабидзе эстрада қўшиқчиси сифатида ном қозонган. 1967 йилдан бошлаб узоқ вақт давомида у «Орера» ансамбли солисти бўлган, кейинроқ яккахон концертлар берган.

1978 йилда у СССР Давлат мукофоти лауреати бўлган. 1980 йилда - Грузия Халқ Артисти, 2013 йилда - Украинада Хизмат Кўрсатган артист унвонларини олган. РФ «Дўстлик» ордени ва Кремлда юбилейи ўтказилишини рад этган.

2018 йил июнида Германиянинг Deutsche Welle нашрига берган интервьюсида Кикабидзе 1991 йилда СССР қулашидан жуда хурсанд бўлгани ва бу воқеа шарафига «ҳатто стол безатгани»ни айтганди.

2008 йил августида Россиянинг Грузияга босқинидан кейин актёр Россияга боришни бас қилган. 2022 йилда Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаб чиққан.

2020 йил 31 октябрида Кикабидзе Грузия парламенти депутатига айланганди - у Михаил Саакашвилининг мухолифат блокидан сайланган ва парламентда маданият бўйича қўмитада ишлай бошлаганди.


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 



Vaxtang-Kikabidze-Ulug-artist-2023.jbg