15 October 2022
14:26 - Туркияда кондаги авариядан кейин тирик қолганлар қидирилмоқда

Амасра шаҳридаги шахтада содир бўлган йирик авария оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди. 300 метр чуқурликда вайроналар остида 50 га яқин кончи бор.

Туркия шимолида камида 28 кишининг ҳаётига зомин бўлган йирик кон авариясидан сўнг қутқарувчилар омон қолган ўнлаб одамларни қидиришда давом этмоқда. Яна 11 нафар кончи вайроналар остидан хавфсиз олиб чиқилди, улар касалхонага ётқизилди, дея хабар берди Туркия Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги 15 октябр, шанба куни эрталаб. Ички Ишлар Вазирлиги маълумотларига кўра, 50 га яқин кончи ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланяпти.

“Биз қурбонлар сони энди кўпаймайди, кончиларимиз эсон-омон қутқарилади, деб умид қиламиз, барча саъй-ҳаракатларимиз шу йўналишда жамланган”, - деб ёзди Туркия Президенти Ражаб Эрдўған ўзининг Twitter микроблогида.

Қора денгиз соҳилида жойлашган Амасра шаҳридаги шахтада қутқарув ишлари тунда ҳам олиб борилди. Йўқолган 49 нафар кончи 300-350 метр чуқурликдаги иккита штольня (горизонталь ёки қияроқ ковланган ер ости йўли)да вайроналар остида қолиб кетган бўлиши мумкин. Ҳозиргача 70 дан ортиқ қутқарувчилар 250 метргача пастга тушишга муваффақ бўлишди, бироқ улар олдинга силжий оладими ёки йўқми, номаълум. “Вазият ҳақиқатдан ҳам жуда ачинарли”, деди Туркия Энергетика Вазири Фотиҳ Дўнмез.

Амасра шаҳри маъмуриятига кўра, улар кончиларнинг деярли ярмини эвакуация қилишга муваффақ бўлишган. Ишчиларнинг аксарияти ўзини яхши ҳис қилмоқда, аммо оғир жароҳат олганлар ҳам бор.

Амасрадаги шахтада кеча кечқурун портлаш содир бўлди. Аввалига портлаш трансформаторнинг носозлиги туфайли юз бергани маълум қилинган, бироқ кейинроқ расмийлар шахтада номаълум сабабларга кўра метан портлаганини айтишган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.