15 October 2022
18:34 - Мажлислар билан “бошқариладиган” вилоятдаги давлат ташкилотлари масъуллари Шавкат Мирзаёдан нега норози?

Бугунги кунда давлат ташкилотларига хос бўлиб қолган бир машғулот тури бор: бу чидаб бўлмас даражада кўп ўтказиладиган йиғилиш, мажлис, видеоселекторлар. Гоҳида масъуллар уззукун шу иш билан банд бўлишаётгандек туйилади.

Шу йил тябрда 15 кунлик тадбирлар рўйхатида дастлабки видеоселектор йиғилиши 3 октябр соат 17:00да (1) вилоят ҳокимлиги биносида ўтказилгани қайд этилибди. Унда ҳоким ўринбосарлари, сектор ва турли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, вилоятда “маҳаллабай” тизимида ишлашни йўлга қўйиш ҳамда Оққўрғон, Тошкент ҳамда Чиноз туманларида ўтган сайёр қабуллардаги мурожаатлар ижросини муҳокама қилишибди.

Қизиғи, тадбирлар рўйхатидан ўрин олган ва 5 октябр куни соат 9:00да (2) бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам худди шу мавзуга бағишланганини кўриш мумкин.

Шунингдек, 4 октябр куни соат 9:30да (3) барча вазирлик, идора, ташкилотлар, хусусан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари шошилинч тарзда Вазирлар Маҳкамасига йиғилишга чақирилган. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш, дарахтларни экиш, парваришлаш ҳамда 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинган.

Худди шу куни соат 11:00да Вазирлар Маҳкамасида 4 та (4) масала бўйича видеоселектор йиғилиши ташкил этилиб, ундаги мавзу “Яшил макон” умуммиллий дастурини татбиқ қилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ижроси ҳамда 2022 йилги ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастури ижросига бағишланган бўлибди.

8 октябр соат 14:30да (5) Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигида халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган.

10 октябр куни соат 19:00да (6) вилоят ҳокимлигида муаммоли кредитлар мавзусида мажлис бўлиб ўтибди.

12 октябрда Бош вазир ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, инвестиция, экспорт, маҳаллий саноат кўрсаткичлари ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказиши режалаштирилган. Худди шу куни 16:45да (7) бир қанча вазирлик, ташкилот ҳамда идоралар Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида ўтадиган йиғилишда иштирок этишлари сўралган.

13 октябр куни соат 17:30да (8) барча давлат ташкилотлари, қолаверса, тижорат банклари раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари иштирокида Вазирлар Маҳкамасида инфляция даражаси прогноз параметрлар доирасида бўлишини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор ташкил этилган экан.

14 октябр куни соат 9:00да (9) вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Шавкат Мирзиёевнинг 22 сентябр куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессиядаги топшириқлари ижроси муҳокама қилинган. Яъни 5 та масала борасида нималар қилиниши гаплашилган.

Худди шу куни айни шу манзилда 17:00да (10) яна бир видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда вилоят кичик саноат зоналари инфратузилмаси учун ажратилган маблағлар ўзлаштирилиши, коммуникацияларга уланганлик ҳолати ҳамда табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси ҳамда чиқинди ташишда юзага келган қарздорликни ундириш ишлари қандай бораётгани муҳокама қилинган.

Қолаверса, 15 октябр куни соат 16:00да (11) ҳам вилоят ҳокимлиги биносида яна бир мажлис чақирилибди.

Олдинда 17 октябрь куни соат 9:00да (12) муаммоли кредитлар ундирилиши, ипотека кредитини ажратиш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик мавзусида яна бир мажлис ўтказилиши кутилмоқдамиш.

Шу ой ҳисобидан Тошкент вилоятидаги давлат идораларида ишловчи ўнлаб ходимлар Kun.uz’га вилоят ҳокими мажлисбозликка берилиб кетганидан шикоят қилиб хатлар йўллашди. Шахси сир қолишини истаган давлат хизматчиларининг айтишича, иш режими “мажлисдан мажлисгача” тамойилига ўтиб қолган ва мутасаддилар амалий иш қилишга эмас, мажлисларда вилоят ҳокимидан кутилажак саволларга жавоб беришга одатланишмоқда. Тинимсиз тадбирбозлик туфайли масъулларда ўзларига юклатилган функционал вазифаларни бажариш (бажарилишини назорат қилиш) учун эса вақт деярли йўқ.

Шу ерга келганда ўринли бир савол туғилади: санаб ҳам адоғига етиб бўлмайдиган мажлис, йиғилиш-у тадбирлар қандайдир натижа беряптими? Ёки кимдир ишлаётганини кўрсатиш учунгина ўтказилиб, одамларнинг вақти ўғирланишигагина хизмат қиляптими?

Тошкент вилоятида раҳбарларнинг мажлисбозликка муккасидан кетгани биринчи марта танқид қилинмаяпти. Ўтган йили Kun.uz’га шикоят қилган вилоят ташкилотлари масъуллари бемаъни йиғилишлар ортидан ишлашга ва берилган вазифаларни бажаришга вақт деярли қолмаётгани, сутканинг деярли 6-8 соати турли кераксиз йиғилишларда ўтаётганини айтилганди.

2021 йил 11 апрел – якшанба дам олиш кунида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги Ёшлар иттифоқи биносида вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, туман-шаҳарларнинг сектор раҳбарлари ва бошқа давлат ташкилотларининг бир қатор ходимлари иштирокида «куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласида семинар-тренинг» ўтказилиб, мутасаддилардан йиғилишга кечикмасдан келиш билан бирга ушбу хабарни бошқа гуруҳларга (ҳар хил каналларга) тарқатмаслик уқтирилгани ошкор бўлган экан.

Ўтган йили Бош Вазир Абдулла Арипов ташкилот ва идораларда мажлисбозлик тўхтамаётгани, давлат органлари ва ташкилотларида 2-3 соатлаб мажлислар ўтказилаётганини танқид қилганди.

Президент Шавкат Мирзиё ҳам мажлисбозликлар кўпайиб кетганини қаттиқ танқид қилиб, рухсатсиз мажлис қилган раҳбарлар ишдан кетишини айтган экан.

“Кўп амалдорлар мажлисбозликка касал бўлган. Буни даволаймиз. Бугундан бошлаб мажлис қилмоқчи бўлган ҳокимлар администрациядан рухсат олиб, узоғи 40 дақиқалик мажлис ўтказиши мумкин. Рухсатсиз мажлис ўтказган амалдорлар ишдан кетади”, деган экан ҳозирги президент.

Бундан ташқари, 2021 йил 10 феврал куни давлат раҳбари яна бир бор ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш кераклиги ҳақида масъулларни огоҳлантирган экан.