24 July 2022
18:23 - Жаҳон Cоғлиқни Cақлаш Ташкилоти Бош Директори Тедрос Аданом Гебреисус маймунчечак тарқалишини халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилибди
Айтиш керакки, дунёда аллақачон 16 мингдан ортиқ касалликка чалиниш ҳолатлари аниқланган ва Европага чечак тарқалиши катта таҳдид солмоқда экан.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) маймунчечак эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилибди.

Бу ҳақда у ташкилот фавқулодда қўмитасининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди. Июнь ойининг охиридаги олдинги йиғилишдан кейин қарама-қарши қарор қабул қилинган экан.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, қўмита аъзолари бу масала бўйича консенсусга эриша олишмаган, бироқ вирус тарқалиши билан боғлиқ вазият халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат белгиларига тўғри келган.

Жумладан, бир ой аввал дунёнинг 47 та давлатида 3040 та маймунчечак касаллиги аниқланган бўлса, бугунги кунда 75 та давлатда 16 мингдан ортиқ касаллик ҳолатлари қайд этилган, 5 киши вафот этган.

“Хулоса қилиб айтганда, бизда жуда кам билинган ва Халқаро соғлиқни сақлаш қоидалари мезонларига жавоб берадиган янги юқиш йўллари орқали тез тарқаладиган эпидемия бор”, - дебди у.

Тедрос Аданом Гебреисуснинг таъкидлашича, маймунчечак Европада юқори хавф туғдиради. Дунёнинг қолган қисмида у ўртача хавф туғдиради.

“Турли мамлакатларда вируснинг янада тарқалиши хавфи аниқ, аммо вируснинг халқаро алоқани бузиш хавфини паст деб баҳолаймиз”, дея қўшимча қилди у.

Ҳозирги вақтда эпидемия “эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар, айниқса кўп жинсий шериклари бўлган эркаклар орасида тўпланган”, деб яна қўшимча қилибди.

“Бу эпидемияни тўғри гуруҳларда тўғри стратегиялар билан тўхтатиш мумкинлигини англатади”, - дебди ЖССТ раҳбари ва стигма ва дискриминация ҳар қандай вирус каби хавфли бўлиши мумкинлигини қўшимча қилибди.

ЖССТ 2007 йилдан бери (Халқаро соғлиқни сақлаш қоидаларининг янги таҳрири кучга кирган пайтдан бошлаб) олти марта халқаро фавқулодда вазият эълон қилди - хусусан, ковид, Эбола вируси ва Зика вируси касаллиги авж олган даврда.

Маймун чечаги вирусли касалликдир. Унинг белгилари чечак билан оғриган беморларга ўхшайди, аммо унчалик жиддий бўламайди, дейишмоқда. Баланд иситма, мушак оғриғи, характерли тошма ва қичишиш унинг асосий аломатларидан. Тошма юздан бошланади ва аста-секин танага тарқалади, кичик доғлар суюқликлик пуфакчаларга айланади. Маймунчечак одатда 2−4 ҳафта ичида ўз-ўзидан йўқолади, аммо иммунитети заиф одамлар, болалар ва ҳомиладор аёлларда у қийинроқ кечиши мумкин экан.