15 June 2022
13:40 - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти украиналик болаларнинг Россияда асраб олинишига қарши чиқиб, бу ҳақда хабар ҳам тарқатишга улгурибди
ЮНИСЕФ фарзанд асраб олиш тўғрисидаги қарор боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ва фақат унинг ихтиёрий розилиги билан қабул қилиниши кераклигини эслатиб, бу ҳақда махсус хабар ҳам тарқатибди.

Россиянинг Украинага қарши қуролли агрессияси бошланганидан кейин Россияга олиб кетилган украиналик болалар рус оилалари томонидан асраб олинмаслиги кераклиги, бу ҳақда 14 июнь, сешанба куни ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ҳамда Европадаги Қочқинлар ва Муҳожирлар Инқирози Бўйича Махсус Мувофиқлаштирувчиси Афшон Хон эълон берибди.

“Биз яна бир бор таъкидлаймизки, шу жумладан, Россия Федерациясига ҳам, фарзанд асраб олиш фавқулодда вазиятларда ёки улардан кейин дарҳол амалга оширилмаслиги керак”, дебди Афшон Хон. У болаларнинг ҳар қандай ҳаракати фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб, шунингдек, ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги билан амалга оширилиши кераклигини эслатди. Ушбу шартларга риоя қилмасдан бошқа давлатга олиб кетилган болалар етим деб ҳисобланмайди.

“Россияга юборилган болаларга келсак, биз уларнинг ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакиллар ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, бундай ҳолатларни ҳужжатлаштириш учун ишламоқдамиз”, деб таъкидлабди ЮНИСЕФ минтақавий координатори Афшон Хон.

10 июнь куни Украина Олий Радаси БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Қўмитаси, БМТ Бола Ҳуқуқлари Бўйича Қўмитаси, Ҳаагадаги халқаро суд ва БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлигига мурожаат бўйича резолюция лойиҳасини рўйхатга олибди. Мурожаатда депутатлар “ўғирлаб кетилган ва Россияга мажбуран олиб кетилган” ёки босиб олинган ҳудудларда жойлашган украиналик болаларни ўрис оилалари томонидан асраб олинишидан ҳимоя қилишни сўрамоқда. Рада, шунингдек, халқаро ташкилотлардан бу болаларни Украинага қайтаришга ёрдам беришни ҳам сўрамоқда экан.

Ҳозирда Украина Олий Радасининг гуманитар ва ахборот сиёсати қўмитаси томонидан кўриб чиқилаётган резолюция лойиҳасининг тушунтириш хатида айтилишича, Россия халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда “миллионлаб Украина фуқароларини, улар орасида болалар, жумладан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни” мажбуран депортация қилмоқда.

Шу йил март ойида БМТ украиналик болаларнинг Россияда мажбурий асраб олинишидан хавотирлик билдириб, халқаро ташкилотларни Украина шарқидаги меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатларда яшовчи 90 мингга яқин боланинг тақдиридан айниқса ташвишда эканлигини билдирган эди.