08 January 2021
22:25 - Алишер Усмоновга тегишли компания Ислом Цвилизацияси Маркази қурилишини 2021 йилда якунламоқчи. Шунга ишонадиганлар борми?

Россиянинг “USM Holdings Limited” компанияси Тошкентдаги Ислом маданият маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 119 миллион долларга тенг бўларкан. Бу ҳақда 2021-2023- йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида билдирилибди.

Дастурга кўра, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилиши режалаштирилган лойиҳани русларнинг “USM Noldings Limited” компанияси молиялаштирган ва қурилиш ишлари 2019-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган экан.

Маълумот учун билдириш керакки, 2017 йилда Ислом Цвилизацияси Маркази директори лавозимига 2015 йилгача Тошкент француз альянси раиси сифатида ишлаб келган Шоазим Миноваров белгиланган эди.

Унинг маълум қилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган тадбиркор Алишер Усмонов Ислом Цвилизацияси Марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирларини қўллаб қувватлаш учун бир неча 10 миллион доллар ва шифокорларга ёрдам хизматида ишлаётган ходимларга тўланадиган бир марталик моддий ёрдам учун 10 миллион доллар берган эди.

Кўраяпмизки, ишлар ёмон кетмаяпти. Буёғи нима бўлишини юқоридан кўрсатадиганлар кўрсатишади.