16 October 2020
16:27 - Эврил Турон тахаллуси билан танилган ёзувчи Мамадали Маҳмуд оламдан ўтди
Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмуд 80 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу маълумот Ёзувчилар Уюшмаси тарафидан тасдиқланди.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмуд Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган.

У “Бу тоғлар улуғ тоғлар”, “Бўз бўри”, “Ўлмас қоялар”, “Туманли кунлар” ва “Ой нури” каби асарлар муаллифи ҳисобланади. Ижодкор 1975 йилда эълон қилинган “Боғдон қашқири” қиссасида биринчи марта босмачилик ҳаракати иштирокчиларини миллий озодлик курашчилари сифатида тасвирлайди. Адиб ўзининг 1981 йил “Шарқ Юлдузи” журналида чоп этилган “Ўлмас қоялар” романида ушбу мавзуни давом эттирган. Романда Ўрта Осиёга рус босқини қораланади.

Эврил Турон жами ҳаётинингг катта қисмини қамоқда ўтказиб, 2017 йил баҳорида озодликка чиқарилган, 2018 йил ноябрида эса Ёзувчилар Уюшмаси аъзолигига қайта тикланганди.

Марҳум Эврил Турон “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг аъзоси бўлмаса ҳам, унинг оёққа туришида катта роль ўйнаган ва шу уринишлари билан ҳам тарихда қолади.

Марҳумга Оллоҳ раҳматини берсин, у дунёда – жаннатда тинч яшасин. Вақти келади, ҳаммамиз бирга бўламиз.

Марҳумнинг оила аъзолари ва сафдошларига чуқур таъзия билдирамиз, сабр ва қаноат тилаймиз.