29 June 2020
11:00 - Польшада президент сайловларининг биринчи босқичида ғолиб аниқланмади
Польшанинг амалдаги президенти Анжей Дуда ва мухолифат номзоди Рафал Тшасковский президент сайловларининг иккинчи босқичига ўтишди. Бундан Ipsos ўтказган экзит-полл маълумотлари дарак бермоқда.

Сўровномага кўра, 28 июнда ўтган сайловларда Дуда биринчи босқичда ғалаба қозониш учун зарур бўлган 50 фоиздан кўпроқ овозни тўплай олмаган. У учун 41,8 фоиз, унинг рақиби Тшасковскийга 30,4 фоиз сайловчилар овоз берган.

Сайловларда 11 номзод иштирок этган. Уларда иштирок этиш даражаси 62,9 фоизни ташкил қилган.

Сайловларнинг 2-босқичи 12 июлда бўлиб ўтади. Польша давлат сайлов комиссияси расмий натижаларни 1 июлгача эълон қилишни режалаштирган.