19 January 2020
19:14 - Масхарабозлик ва шармандалик: Адлия Вазирлигида муҳим масала кун тартибидамиш. Бунга аҳмоқ ҳам ишонмайди! “Бирлик” Партиясини рўйхатга олиш билан шуғулланиш керак!
Ўзбекистондаги бош қўғирчоқ оммавий ахборот воситаси ЎзА Адлия Вазирлигида ходимлар ишлашининг замонавий тизими йўлга қўйилаётгани, иш вақти тугагандан кейин ходимга ўз фаолиятини тугатиш талаб этиш кераклиги ҳақида аҳмоқона хабар/мақола эълон қилди.

Мақола муаллифи Муаттар Рўзибоева қуруқ сафсатагарчилик йўли билан ҳаммани иш соати битгандан кейин уйига ҳайдаш кераклиги ҳақида мақола ёзган. Унинг гапларида жон бор. Аммо, вазирликнинг асосий камчилиги бу эмас.

Мана биттагина мисол. Дунё танийдиган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2019 йил 31 май куни мамлакат президенти, Олий Мажлис палаталарининг раҳбарлари ва Адлия Вазири Русланбек Давлетов мактуб йўллаб, Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ШАРТлиги масаласини ўртага қўйган эди.

Гап шундаки, аҳолиси биздан 5 бараварча кўп бўлган Россияда сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун унинг аъзолари сони камида 500 бўлиши кераклиги айтилган. Ўзбекистонда эса, мавжуд қонунга кўра, 20 минг аъзо бўлиши керак. Бундай аҳмоқона қонунни ўзгартириш билан айнан Русланбек Давлетов шуғулланиши керак-ку!

Бу масхарабозликдан иложи борича тезроқ қутилиш ва “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси каби сиёсий ташкилотларни тезроқ рўйхатга олиш керак. Шундай актуал муаммолар турганда Адлия Вазирлиги нима билан шуғулланмоқда?

Эслатиш керакки, 2019 йил 15 июлда Адлия Вазирлигининг номи айтилмаган Бошқармасининг раҳбари З.Маҳмудовдан “Эзгулик”нинг хати олингани ва керакли ишлар қилиниши ҳақида жавоб хати келган эди. Ундан бироз аввал, аниқроғи, 1 июлда Олий Мажлис палаталарининг қўмиталаридан ҳам шу каби хатлар олинган эди. Мана орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди, аммо на бу вазирлик, на бошқа инстанциялар оғиз очмаяптилар. Нимага?

Ҳозир Адлия Вазирлигини тилга олдикми, демак, шу вазирлик ҳақида гапиришимиз керак. Вазирликнинг “Эзгулик”га жавоб хатида (расмда) бу каби масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси маъсул эканлиги, керакли қонун лойиҳаси Қонунчилик Палатасига юборилиши кералиги айтилган. Демак, вазирлик “Эзгулик”нинг хатини Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятига ёки қонун лойиҳасини тайёрлаб Қонунчилик Палатасига бериши керак эди. Хўш, нимага бермади ва бермаяпти?

Яна айтиш керакки, 2019 йил 30 сентябрда “Эзгулик” Жамияти Адлия Вазири Русланбек Давлетовга 2-чи хатини юбориб, сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритиш таклифини тезроқ Қонунчилик Палатасига юборишни сўради. Бу хат бутунлай жавобсиз қолди.

Мана энди 21 январда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси бўлиши кутилмоқда. Русланбек Давлетов ўша мажлисда “Эзгулик” ўртага ташлаган муҳим масалани эслатиши ва реал ишлар бошлаши керак.

Биз ундан айнан шундай қадамни кутамиз. Акс ҳолда, мамлакатимиз ФУНДАМЕТАЛ ислоҳотларга муҳтожлиги ҳақида таклифлар яна сиёсий саҳнага чиқади.