19 January 2020
15:17 - Навбатдаги масхарабозлик: Қонунчилик Палатасининг депутатлари ва Сенатнинг кадда-Сенаторларига гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонлари топширилибди
Мамлакатимизнинг бош қўғирчоқ оммавий ахборот воситаси ЎзА хабар қилишича, бугун Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилибди.

Хабарда Марказий Сайлов Комиссияси тарафидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг 150 нафар депутати ва Сенатининг 97 нафар сенатори рўйхатга олингани айтилади, Сенат аъзоларининг 13 нафари Президентининг 2020 йил 17 январдаги фармонига асосан тайинлангани алоҳида урғуланади.

Хабарда Шавкат Мирзиё 16 нафар кадда-Сенаторни тайинлаши кераклиги, аммо нимага у 3 нафарини тайинламагани тилга ҳам олинмаган. Аммо, президентнинг фармони билан сенаторликка тайинланган Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг Сенаторликка тайинлангани учун миннатдорчилик билдиргани алоҳида таъкидлаган.

Жойи келгани учун айтиш керакки, Ўзбекистондек гўёки демократ давлатда қонунчилик органи бўлган Сенатга ижроия ҳокимиятининг вакили Алишер Саъдуллаев кадда-Сенатор қилиб қўйилгани масхарабозлик ва шармандаликдир.

Қолаверса, Шавкат Мирзиё тайинлаган 13 нафар кадда-Сенаторнинг сал кам ҳаммаси ижроия ҳокимиятининг вакиллларидир, яъни уларнинг Сенатга киритилиши мамлакатимиз Конституциясининг 1-чи моддасида айтилган “Ўзбекистон - суверен демократик республика” ифодаcига тупуришдир. Чунки, демократик давлатларда қонунчилик, ижроия ва суд хокимиятлари бир-бирларидан мустақил бўлишлари керак. Бизда эса, Қонунчилик Палатаси ва Сенат аъзоларининг мутлақо кўпчилиги ижроия ҳокимиятда ишлайдиганлар.

Масалан, ҳамма вилоят ҳокимлари ҳам шулар жумласидандир. Бошқаларни қўйиб туринг, Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика Институти директори Шавкат Аюпов ва Ўзбекистон Фанлар Академияси президенти Бехзод Юлдашевни (исми-шарияининг ёзилишига қаранг – “Ҳаракат”) кадда-Сенатор қилиб қўйилиши демократик дунёда мисли кўрилмаган масхарабозлик ва шармандаликдир.

Хуллас, бир нарса аниқ, янги Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатаси ва Сенати Ўзбекистон Конституциясининг 1-чи моддасига зид равишда шакллантирилган. Бу ишни қилганлар, Шавкат Мирзиё ҳам уларнинг ичида, Конституцияни энг қўпол шаклда бузганлар сифатида жазоланишлари керак.

ЎзАнинг хабарига қўйилган расмда Қонунчилик Палатаси ва Сенати аъзоларининг ярми ҳам йўқ.