04 December 2019
16:37 - «Пахтакор» стадионидаги сўнгги ўйинга Алишер Усмонов келиши кутилмоқда
Бугун, 4 декабрь куни 63 йиллик тарихга эга Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида сўнгги расмий учрашув ўтказилади.

Ўзбекистон лига кубоги финали доирасида АГМК - «Пахтакор» жамоалари нуфузи бўйича учинчи турнир саналмиш лига кубоги учун кураш олиб боришади.

Tribuna.uz нашрининг «Пахтакор» клубидаги манбаси хабар беришича, бир оталиқ ҳомийга эга ушбу клублар ўртасидаги финал баҳсини томоша қилиш учун мартабали меҳмон – россиялик миллиардер, Халқаро Қиличбозлик Федерацияси президенти Алишер Усмонов ташриф буюриши режалаштирилган.

Ушбу ташриф давомида «Пахтакор» стадиони ўрнига қуриладиган янги стадион лойиҳаси тасдиқланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3 декабрь куни Алишер Усмонов Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро қиличбозлик федерациясининг ҳар йил ўтказилувчи конгрессида Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах томонидан Олимпия қадриятларини доимий равишда қўллаб-қувватлаши ва оммалаштириши учун мукофотлаганди. Маълумотларга кўра, асли ўзбекистонлик миллиардер 3 декабрь куни Европадан Тошкентга келган.

Бундан аввалроқ «Пахтакор» бош директори Дмитрий Адисман Kun.uz мухбири билан суҳбатда 2020 йил январида клуб учун янги стадион қурилиши бошланишини маълум қилганди. У ўшанда стадион қурилиши учун Усмонов томонидан маблағ ажратилишини қўшимча қилганди.

«Пахтакор» марказий ўйингоҳи 1956 йилда қурилган, ушбу стадион 2012 йилга қадар Ўзбекистон терма жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган асосий стадион сифатида хизмат қилган. // Kun.uz