09 October 2019
15:27 - Яна масхарабозлик: Шавкат Мирзиё, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг маслаҳатлари таъсирида, товар-хомашё биржалари ва биржа савдоси механизмларини такомиллаштиришга оид фойдасиз қарор чиқарди
“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери АҚШдаги Нью-Йорк Фондлар Биржасида бўлаётган жараёнлар, бу Биржанинг асосий кўрсатгичи бўлган Dow Jones индекси ва бу индекс АҚШ иқтисодиётининг аҳволини ҳам ўзида акс эттириши каби фактлар бўйича хабар берар экан, Тошкент Фонд Бозори - бозор иқтисодиётига ўтган давлатлардаги каби функцияларни бажармаётганини танқид қилардик. Жумладан, у ерда асосан валюта сотиш каби оперциялар бажарилаётгани, Dow Jones каби индекслар йўқлиги, демак, Тошкент Фонд Бозорининг фаолиятини муҳокама қилиб ҳам бўлмаслигини айтардик.

Эслатиш керакки, ўтган асрнинг 90-чи йиллари ўртасида “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Марказий Осиёлик мухолифатчилар Швецияда рус тилида чиқараётган “Центральная Азия” журналида мақола эълон қилиб, тез орада Ўзбекистондан иш қидириб Россияга борадиганларнинг сони кескин кўпайишини башорат қилган, Ўзбекистондан Россияга кетаётган фуқароларимизнинг муаммолари билан шуғулланадиган махсус вазирлик яратиш кераклигини ёзган, 2008 йили Ислом Каримга хат ёзиб, бундай вазирликни тезроқ тузишга ва биринчи вазир қилиб, “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлатнинг ўринбосари, собиқ СССР халқ депутати Пўтажон Охуновни тайинлашни таклиф қилган эди.

Ислом Карим бу таклифга эътибор ҳам бермади. Аммо, унинг ўлимидан кейин унинг курсисини ноқонуний равишда эгаллаб олган Шавкат Мирзиё Бандлик ва Меҳнат Муносабатлари Вазирлиги ҳузурида Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлиги яратди. Аммо, бу Агентлик ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг муаммолари билан етарлича шуғулланмади.

Кўп вақт ўтмасдан, аниқроғи, 2018 йилнинг ноябрь ойида Агентлик директори Равшан Ибрагимов, Агентлик директори ўринбосари Улуғбек Назаров ва яна бир неча киши - оддий фуқароларга чет элга бориб ишлаш учун расмий рухсатнома олиб беришга ваъда бериб, юзлаб кишиларнинг ҳар биридан 5 минг доллардан, ҳаммаси бўлиб тахминан 20 миллион доллар, пора олишда айбландилар ва қамоққа ташландилар.

Бизнинг шунга ўхшаш кўплаб таклифларимиз тўғри бажарилмади ва натижада Ўзбекистонда шармандалик ва масхарабозлик янада чуқурлашди.

Ҳозир бизнинг Тошкент Фонд Бозорининг фаолиятини ривожлантириш бўйича берган маслаҳатларимиз атрофида ҳам шунга ўхшаш воқеалар бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиё шу йил 7 октябрда Тошкент Фонд Бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, кеча эса, бу хусусда “Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида” деб номланган қарорини имзолади.

7 октябрдаги йиғилишда Фонд Бозорида сотилаётган акцияларнинг жами қиймати 25 триллион сўм бўлиб, Ялпи Ички Маҳсулотга нисбатан 6 фоизга ҳам етмаслиги, бу кўрсаткич Сингапурда 188 фоиз, Малайзияда 112 фоиз, Россияда 34 фоизни ташкил этиши урғуланган. 2020-2025 йилларда фонд бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилганмиш, эркин муомаладаги жами қимматли қоғозларнинг Ялпи Ички Маҳсулотга нисбатини 2025 йил охиригача камида 10-15 фоизга етказиш мўлжалланганмиш. Қаранг, масхарабозликни, эркин муомаладаги жами қимматли қоғозларнинг Ялпи Ички Маҳсулотга нисбати 5 йилда ҳозирги 6 фоиздан бор-йўғи10-15 фоизга чиқарилармиш.

Мана яна бир ножиддий ва кулгили нуқта. Маълум тоифадаги шахслар ёки компаниялар тарафидан тайёрланган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинармиш. Қаранг, маҳсулотларнинг қанчасидир вазирлик тарафидан белгиланган квоталар бўйича биржа савдоларида экспорт қилинар экан. Аммо, қанчаси эканлиги айтилмайди. Шуми бозор иқтисодиёти? Қани бозор, қани Фондлар Биржаси, қани унинг Dow Jones каби индекс-кўрсатгичлари?

Шавкат Мирзиёнинг қарори мана шунақа кулгили ва шармандали рақамлар ҳамда таклифлар билан тўла. Булар косметик ўзгаришлардир.

Ўзбекистон ҳамма соҳада, Фондлар Бозорида ҳам, ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга муҳтож. Фондлар Бозоридаги муҳитни ўзгартириш учун авваламбор Ўзбекистонни тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш ШАРТ. Акс ҳолда, СССР замонидан қолган социалистик иқтисодиёт билан Ўзбекистонимиз ўлади.

Мамлакатимизни ўлимдан қутқариб қолиш ва фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз МАВЖУД РЕЖИМНИНГ ЎЗИ ҚИЛОЛМАГАН ва ҚИЛОЛМАЙДИ. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Акс ҳолда, халқ майдонларга чиқиб, бу таклифларни ўртага қўйишни ўзи бошлайди. Табиий, бизнинг ташаббус билан.