09 October 2019
06:36 - Туркия парламенти Ироқ ва Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларда ўз ҳукуматига берилган ҳарбий операциялар ўтказиш ваколатини 2020 йил 30 октябргача узайтирди

Кеча 8 октябрда бу мамлакатнинг парламенти - Туркия Буюк Миллат Мажлиси - бир неча йил аввал ўз ҳукуматига берилган Ироқ ва Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларда бу йил 30 октябрда битадиган ҳарбий операциялар ўтказиш ваколатларини 2020 йил 30 октябргача узайтириш ҳақидаги Президент қарорини тасдиқлади.

Бу қарорни тасдиқлаш учун ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП), мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП), ҳозир АТП билан ҳамкорлик қилаётган Миллиётчи Ҳаракат Партияси ва ҳозир ЖХП билан ҳамкорлик қилаётган Яхши Партия депутатлари овоз бердилар.

Бундай қарор чиқаришдан мақсад – ўша ҳудудлардаги курдлар ва Ислом Давлатига оид террористик гуруҳларни нейтраллаштириш деб айтилмоқда. Айнан шу сабабли, бу қарор масаласида ҳукумат тарафдорлари ва мухолифат биргаликда овоз бердилар.

Маълумки, сўнги йилларда курдларнинг Ироқ ва Суриядаги террористик гуруҳларини АҚШ қўллаб-қувватлаб келмоқда эди. Ҳозир АҚШ Президенти Доналд Трамп ўз қўшинларини ўша ҳудудлардан чиқариб олиш ҳақида буйруқ берган бўлса ҳам, энди Туркия-АҚШ муносабатлари янада ёмонлашишини кутиш керак. Чунки, АҚШ расмийлари Туркияга қарши санкцилар киритиш ҳақида қайтадан гапиришга бошладилар.