22 September 2019
07:10 - Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш нимага Ўзбекистонга келди? “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат”нинг чақириғи биланми? Айнан шундай!

Туркияда бу йил 31 март куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда мамлакатнинг энг катта шаҳарлардан (Истанбул, Анқара, Измир, Бурса, Анталия, Адана) 5 тасида (Истанбул, Анқара, Измир, Анталия, Адана) “Миллат Иттифоқи” коалициясининг Жумҳурият Халқ Партияси тарафидан кўрсатилган номзодлари ғалаба қозонганини “Ҳаракат” Агентлиги кўп марта тилга олганди. Ўша 5 ҳокимдан бири – Анқара шаҳрига ҳокимликка сайланган Мансур Яваш (Mansur Yavaş) эди.

Бир неча кун аввал Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш ишчи ташриф билан Ўзбекистонга келганини хабар қилдилар. Туркиядек давлат пойтахтининг ҳокими мамлакатимизга келиши сенсацион воқеа бўлиши кераклиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмаса керак.

Аммо, Ўзбекистонда бу ҳақдаги хабарлар ҳеч кимнингн эсида қолмайдиган воқеа сифатида ёритилди. Мансур Яваш Туркиянинг асосчиси улуғ Отатурк яратган Жумҳурият Халқ Партиясининг номзоди эканлиги ҳеч қаерда тилга олинмади. Мансур Яваш 16 сентябрда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжа билан учрашди, икки ҳоким Анқара ва Тошкент ўртасидаги алоқларни янада юқори даражага кўтариш ҳақида Меморандум имзоладилар (расмда), кечқурун қоронғида икки ҳоким Тошкент-Ситида олиб борилаётган ишлар билан номигагина танишдилар.

Бу воқеаларни кўрсатувчи YouTube-даги видеони 6 кунда 350 киши кўрибди. Бу учрашувга доир бир лавҳани Kun.uz cайтида 4 кунда бор-йўғи 4467 киши ўқибди. Куласизми, йиғлайсизми?

Ундан кейин Мансур Яваш Бухорога бориб, вилоят ҳокими Ўктам Барноев билан кўришди, шаҳардаги тарихий обидалар билан танишди.

Буни ҳеч бекитадиган жойи йўқ, “Ҳаракат” Агентлиги атайлаб бу муҳим воқеаларни ҳеч ёритмади, ўзини бу воқеаларни кўрмаётгандек тутди. Бунинг сабаби қуйидагича.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери ислом фанатиги Ражаб Эрдўған ҳозир ўзи расилик қиладиган Адолат ва Тараққиёт Партияси билан биргаликда Туркияни исломлаштриш йўлида иш олиб бораётгани, бу ўлим йўли эканлигини тўхтовсиз гапириб ётибдилар. Турк Дунёсининг мамлакатлари Эрдўған ва унинг партиясини йўлидан боришни эмас, Туркиядаги отатуркчиларни қўллаб-қувватлашлари кераклигини, аҳолисининг сони бўйича Турк Дунёсида Туркиядан кейин 2-чи ўринда турган Ўзбекистон ҳам айнан шундай қилиши кераклиги ҳам айтиб келинмоқда.

2017 йил 16 апрелда Туркияда ўтказилган референдум арафасида “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат бутун Туркия халқига мурожаат қилиб, Туркияни исломлаштириш ниятидагиларга “Йўқ” жавоби беришни тавсия қилган эди. Бу мурожаат Жумҳурият Халқ Партиясининг бош офисига ва бу партиянинг расмий органи бўлган “Жумҳурият” газетасига ҳам жўнатилганди. Демак, ҳеч шубҳасиз, “Бирлик”нинг сиёсий позициясини яхши билган Туркиянинг отатуркчилари Турк Дунёсида, авваламбор Ўзбекистонда, айнан шу сиёсатни олиб бориш учун ҳаракат бошладилар. Анқара ҳокими Мансур Явашнинг Ўзбекистонга ташрифи айнан шу ниятда қилинган.

Биз Мансур Явашнинг Ўзбекистонга келганига эътибор берсак эдик, балки, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжа ҳам у билан учрашмаган бўларди. Аслида, у билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё кўришмагани ҳам уятли воқеадир.

Нима ҳам дердик, “Бўшашманг, отатуркчилар! Нима бўлганда ҳам, биз ўзбеклар доим сизлар билан биргамиз!” деймиз.