21 September 2019
21:58 - Жуда қизиқ: Kun.uz Интернет нашри Тошкентга Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоллари учун семинар ўтказишга келган Ларс Лейонборг билан суҳбатини бугун эълон қилди
Бугун ярим кечаси эълон қилинган “Тошкентда “Эзгулик”чилар инсон ҳуқуқларининг фундаментал масалалари бўйича ўқув семинари ўтказишди, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласи очиқча тилга олинмади” сарлавҳали хабаримизда шундай жумлалар бор эди:

“Шу йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Тошкентдаги Daniel Hill меҳмонхонасида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоллари учун Швециядаги Халқаро Либерал Марказ мутахассислари томонидан ўқув семинари ташкил қилинди. Анжуманда ҳуқуқ фаоллари инсоннинг фундемантал ҳуқуқлари, хусусан, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳуқуқлари борасидаги малакаларини оширишди. Анжуманга тренер сифатида ташриф буюрган Leijonborg Lars Erik Ansgar жаноблари ўз вақтида Швеция Бош вазири ўринбосари сифатида фаолият олиб борган таниқли сиёсатчидир.”

Бугун эрталаб соат 11:40 да Kun.uz Инренет нашри жаноб Ларс Лейонборг (Lars Leijonborg) билан кеча ўтказилган суҳбат ва Интернет нашрнинг қисқа изоҳини эълон қилди. Бу изоҳда жаноб Ларс Лейонборг Тошкентда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг фаоллари учун семинар ўтказиш ниятида келганлиги тилга ҳам олинмайди, аммо унга Ўзбекистонда “Эзгулик” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Aбдураҳмон Ташанов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилгани эслатиб ўтилади. Табиий, “бошқа мутасаддилар” деганда ўз вақтида академик Сахаровнинг ташаббуси билан СССР Халқ Депутатлари Қурултойи ичида тузилган демократик дунё қарашли депутатлар гуруҳининг ягона ўзбек аъзоси бўлган, кейинчалик “Бирлик” Партиясининг халқаро масалалар бўйича раис ўринбосари вазифасини ҳам бажарган, ҳозир оиласи билан Швецияда яшаётган Пўлатжон Охунов назарда тутилган эди.

Жаноб Ларс Лейонборг суҳбатнинг охирида “Бу ердаги ҳамкасбларимни Швецияга таклиф қилдим. Улар билан биргаликда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, алоқаларни янада мустаҳкам қилиш бўйича бир тўхтамга келамиз” дегани айтилади. Шундай бўлишига ҳеч шубҳамиз йўқ ва воқеалар қандай давом этишини ўз хабарларимизда билдириб борамиз.

Жойи келгани учун айтиш керакки, жаноб Leijonborg Lars Erik Ansgar бу семинардан олдин Абдураҳмон Ташанов ва Пўлатжон Охунов билан биргаликда Бухорога ҳам сафар қилишган эди.

Kun.uz Интернет нашри ўз хабарига муҳим бир расмни қўймагани ҳам жуда қизиқдир. Бу масаланинг моҳиятига шўнғиб ўтирмасдан, тарихда қоладиган ўша расмни, яъни Ларс Лейонборг билан Пўлатжон Охунов бирга тушган расмларини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Расм Пўлатжон Охуновнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.