10 September 2019
08:45 - Шармандалик: Мустақил Ўзбекистоннинг комсомоллари яратган Афғонистон ўзбеклари ҳақидаги ҳужжатли фильм бир тийинга қиммат асар бўлибди

Шармандалик: Мустақил Ўзбекистоннинг комсомоллари яратган Афғонистон ўзбеклари ҳақидаги ҳужжатли фильм бир тийинга қиммат асар бўлибди

2019 йилнинг 21-22 май кунлари Ўзбекистон Ёшлари Иттифоқи Афғонистон Ислом Республикасига сафар уюштириб, у ерда ўзбекларнинг ҳаёти ва ўзбек болаларининг ўқишлари ҳақида ҳужжатли фильм олибди, у фильм YouTube тармоғига ҳам 2 июнда қўйилибди. Мана орадан 3 ой ўтди, шу вақт ичида бу фильмни бор-йўғи 286 киши кўрибди.

Нима ҳам дердик, бу масхарабозлик эмас, оддий шармандаликдир. 12 дақиқалик ҳужжатли фильмда Ўзбекистоннинг Мозори-Шарифдаги консули Миродил Абдураззоқов ва қандайдир Ўзбекистон Умумжаҳон Ёшлар Ассоциацияси раиси Миродилла Алимбоев (исм-шарифларнинг ёзилишига қаранг – “Ҳаракат”) ўзбекларнинг у ердаги ҳаёти ва ўзбек болаларининг ўқиши ҳақида қандайдир маълумотлар беришга ҳаракат қилишибди, аммо уларни унча-мунча одам тушунмайди ҳам. Балки, шу сабаблидир, бу фильмни 3 ой ичида бор-йўғи 286 киши кўрган.

Бу шармандилик бўлмаса, шармандалик нима ўзи?

Жойи келгани учун эслатиш керакки, бундан 5 йил олдин Ўзбекистоннинг ҳаромий президенти Ислом Карим Афғонистоннинг шимолий қисмида мактаб қуриб бергани, аммо у мактабда ҳеч қанақа ўзбек синфлари йўқлиги ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги кўп м арта турли хабарлар ёзган эди. Ўша хабарларимизда Афғонистонда шу пайтгача ҳеч қанақа ўзбекча дарсликлар тайёрланмагани, у ерда ўзбек болаларини ҳам тожикча ўқитишаётганини билдирган эдик. Бироқ, у ерда аҳволни ўзгартириш учун Ўзбекистон ҳеч нарса қилмагани ачинарли ҳол эди.

Тахмин қилиш мумкинки, айнан бизга жавобан Афғонистондаги ўзбекларнинг ғариб аҳволи ҳақида фильм тайёрлашибди, аммо уни ҳеч ким кўрмабди. Аслида, у фильмда ўзбекларни қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ. Минг афсуски, йўқ.

Нима ҳам дердик, бунақа консул, бунақа ёшлар ташкилоти билан Ўзбекистон ва ўзбек халқининг келажаги йўқ. Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳатлар бошлаш, дунё ўзбекларини тарихий ғояларимиз атрофида бирлаштириш керак. Аниқроғи, ШАРТ!

Бу ерга қўйилган расмда Миродил Абдураззоқов ва Миродилла Алимбоевни ҳам кўришингиз мумкин.