10 September 2019
07:00 - Саид-Абдулазиз Юсупов иши бўйича ёпиқ суд бошланди
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Cуди Матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган судланувчи Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят Кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаларида (пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

“Суд жараёни давом этмоқда”, – дейилади Ўзбекистон Олий Суди Матбуот хизмати ахборотида.

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов 1982 йилда Навоий вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланган, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

У 2019 йилнинг 10 майида фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди. // Kun.uz

“Ҳаракат”: Саид-Абдулазиз Юсупов 10 майда қўлга олингани, у ўзини давлат хавфсизлик ходими қилиб кўрсатиб, одамлардан пул олиб юрган фирибгар эканлиги иддао қилинаётгани ҳақида 16 июнда биз ҳам хабар берган эдик.