09 September 2019
07:16 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Унутмайлик, биз дунёдаги энг камбағал мамлакатлардан биримиз. “Ҳаракат”: Бу аҳволдан чиқиш учун ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотлар керак!
Хатқутимизга келган хатнинг матни қуйидагича.

* * * * *

Иқтисодиётчи Ботир Қобилов ёзяпти:

Вақти-вақти билан, «баланд парвоздан ерга тушиб», бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимиз керак: биз дунёдаги энг камбағал мамлакатлардан биримиз. Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) аҳоли жон бошига тўғри келадиган қиймати бўйича ҳисоблаганда, Ўзбекистон дунёдаги мамлакатларнинг 80 фоизидан кўра камбағалроқ.

Биз буни инвесторлар, сайёҳлар ёки хорижий дўстларимизга айтишни хоҳламаслигимиз мумкин (обрўга путур етмасин деб), аммо шу ҳақиқатни билиб қўйишимиз керак - ёқса ҳам, ёқмаса ҳам.

Айрим кузатувларга кўра:

- Африка қитъасининг деярли ярми биздан бойроқ;
- Ўзбекистондаги Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) уруш ёки ҳарбий низолар содир бўлаётган барча мамлакатларнинг ўртача ЯИМидан камроқ;
- Дунёнинг ўртача давлатидан 7,3 баробар камбағалроқмиз;
- Собиқ СССРнинг фақатгина икки мамлакати биздан кўра камбағалроқ (Қирғизистон ва Тожикистон);
- Беларусдан 4, Гватемаладан 3, Грузиядан 2,8, Мўғулистондан 2,7 ва Зимбабведан эса 1,5 баробар камбағалроқмиз.

Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ёки, менимча, ҳозирда биз учун муҳимроқ бўлган вазифа - аҳолини янада қашшоқ қилмаслик учун қилиш керак бўлган нарсалар эса бошқа мавзу.

PS. Бу рақамлар ва умуман биз камбағал мамлакатлардан бири эканлигимиз сизга ёқмаслиги мумкин. Ҳатто сезилмаслиги ҳам мумкин - агар Тошкент марказида яшаб, ишласангиз.

* * * * *

“Ҳаракат”: Биз Ўзбекистондаги аҳволни бу хатда келтирилган маълумотлардан ҳам кескинроқ рақамлар билан йиллардан бери кўрсатиб келмоқдамиз. Масалан, ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий кўрсатгичи бўлган Жон бошига ЯИМ ва аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ривожланган давлатлардан 30-50 баравар орқадалигимизни қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Россия ва Қозоғистондан сал кам 10 баравар орқадамиз.

Аҳволимиз шундай ғариб эканлиги сабабли, тахминан 3-4 миллион ватандошларимиз бир бурда нонга пул топиш учун ойлаб-йиллаб ўз оилаларини ҳам кўролмасдан чет элларда қуллардек ишламоқдалар.

Чет элларда ишлаётган ватандошларимиздан Ўзбекистонга ҳар йили тахминан 6 миллиард доллар пул келмоқда. Ваҳолангки, Давлат Бюджетимиз бор-йўғи 8 миллиард доллар атрофида. Яъни, давлатимиз ўлим йўлида.

Бу аҳволдан чиқишнинг ягона йўли – мамлакатимизда зудлик билан ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлашдир. Аммо, Шавкат Мирзиё раҳбарлик қилаётган тожиклар режими косметик ислоҳотлар қилиш билан ўзини овутиб ва халқни лақиллатиб юрибди.

Демак, халқ майдонларга чиқадиган вақт келмоқда, балки, келиб бўлди.