22 August 2019
15:51 - АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Девид Ҳейл Тошкентга келди ва Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири билан учрашди

Кеча Нур-Султонда АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Ҳейл Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари билан С+5 форматда йиғилиш ўтказгани хақида Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Ҳаракат” Агентлиги хабар берган эди. Кеча ўша йиғилиш тугади, баёнот имзоланди.

Бугун жаноб Девид Ҳейл Тошкентга келди ва пешин соатларида Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комил билан учрашди. Kun.uz Интернет нашри эълон қилган хабар Девид Ҳейл ва Абдулазиз Комил раҳбарлигидаги икки давлатнинг делегациялари учрашувида икки томонлама муносабатлар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашганлари ҳақидаги умумий гаплардан иборат.

Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистонга яқинда тайинланган янги элчиси Даниэл Розенблюм иштирок этгани тилга олинган.

Жаноб Девид Ҳейлни Қозоғистонда у мамлакатнинг президенти ҳам қабул қилган эди. Қизиқ, бизда ҳам уни президент қабул қиладими?