10 August 2019
13:47 - Шавкат Мирзиё Қурбон ҳайити табригида Ўзбекистонни жаннатсимон ўлка сифатида тақдим этди, бор муаммолар умуман тилга олинмади
Бугун пешинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги эълон қилинди. Совет замонини эслатувчи ва баландпарвоз гаплар билан тўла табрикда Ўзбекистон ва халқнинг бугунги оғир аҳволи мутлақо тилга олинмайди. Унинг ободончилик хусусидаги буйруқлари туфайли оддий аҳолининг уйлари бузиб ташланаётгани, ваъда қилинган пул уй эгаларига берилмаётгани, бир қатор вилоятларда халқ ғалаён қилгани, унинг ўзи видеоселектор йиғилишида ўша вилоятларнинг ҳокимларини сансираб, уларни очиқча ҳақорат қилгани, "Ҳаракат" Агентлигининг хабарларида унинг истеъфоси талаб қилингани ҳам эсга олинмаган.

Аммо, "шундай шукуҳли ва саодатли айёмда ҳамма аввало Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар айтиши" кераклиги табрикномада алоҳида урғуланган. У "Қурбон ҳайитининг мамлакатимизда мустақиллик байрами арафасида кенг нишонланиши халқимизнинг руҳи ва кайфиятини янада кўтармоқда" деб айтишни ҳам унутмаган.

Табрикнома "Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан хотиржамлик, аҳиллик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Эзгу интилиш ва ишларимизда Яратганнинг ўзи ҳамиша мададкор бўлсин!" сўзлари билан тугатилган.

Шавкат Мирзиё қисқа муддатли таътилидан қайтиб келган-келмаганлиги ҳам номаълум.