30 June 2019
21:08 - Жиззах аттракционидаги фожиа муҳокама қилинди, барча аттракционлар давлат назоратидан ўтказилади

Саноат Хавфсизлиги Давлат Қўмитаси томонидан Бош вазир Котибиятига дам олиш масканларида бахтсиз ҳодисалар олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги барча аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш бўйича сўровнома юборилди. Бу ҳақда Саноат Хавфсизлиги Давлат Қўмитасининг ахборот хизмати маълумотларига таяниб ЎзА хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Саноат Хавфсизлиги Давлат Қўмитасида 2019 йилнинг 28 июнь куни Жиззах шаҳар, «Наврўз» маҳалласи ҳудудидаги «Истиқлол» болалар истироҳат боғидаги ЯТТ «Маматқулов Бурхон»га тегишли бўлган «Учар ликопча» аттракционининг узилиб кетиши оқибатида ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса муҳокама қилинди.

Муҳокамада жойидан олинган ҳужжатлар ва воқеа тафсилотлари батафсил таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида дастлабки воқеага сабаб бўлган омиллар санаб ўтилди.

Саноат Хавфсизлиги Давлат Қўмитаси раиси в.б. Б.Гулямов ва Қўмитанинг тегишли раҳбар ва мутахассислари иштирокида ўтказилган муҳокамада сўзга чиққанлар бир овоздан мазкур воқеа юзасидан қатъий чоралар кўрилиши зарурлигини айтишди.

Хусусан, дам олиш масканларида мазкур ва шунга ўхшаш бахтсиз ҳодиса, фавқулодда вазиятлар олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги барча аттракционлар зудлик билан давлат назоратидан ўтказилиши кераклиги таъкидланди.

Мажлис якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисига, шунингдек, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Котибиятига дам олиш масканларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги барча аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш бўйича сўровнома юборилди. Унда Саноат Хавфсизлиги Давлат Қўмитаси, Фавқулодда Вазиятлар, Маданият, Ички Ишлар Вазирликлари ва «Ўзенергоназорат» инспекцияси ваколатли вакиллардан иборат ишчи гуруҳлар тузиш ҳамда аттракционларни назоратдан ўтказиш бўйича тегишли фармойиш чиқариш назарда тутилган.

Воқеа жойида махсус комиссия томонидан текшириш ишлари бошланди.

Бундан аввалроқ Бош Прокуратура Жиззахдаги ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилгани тўғрисида маълум қилинганди. // Kun.uz

"ҲАРАКАТ": Жойи келгани учун эслатиш керакки, Жиззахдаги аттракционда фожеали ҳодиса юз берганини рус ахборот воситаларига асосланиб, биз биринчи бўлиб хабар қилган эдик.