18 June 2019
16:37 - Масхарабозлик: Ўзбекистонда пора бериш ва олиш ўта оғир жиноятлар тоифасига киритилармиш. Демак, бизга демократия керакмасми?

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА, ҳеч қандай таҳлилсиз, Ўзбекистон Бош Прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошевнинг қандайдир учрашувда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш масалалари бўйича берган масхарабозлик руҳидаги маслаҳатларини тилга олибди.

ЎзАнинг ақлсиз журналисти Барно Мелиқулова ўзи тайёрлаган хабарда Эркин Йўлдошевга асосланиб ёзишича:

- Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тарғиботлар халқимизнинг фикрида коррупцияга муросасизлик кайфиятини сингдиришга, бундай жиноятларга жазо муқаррар деган тушунчани шакллантиришга хизмат қилаётганмиш;

- Давлат идоралари, халқимиз, шу жумладан, ОАВ билан биргаликда жамиятни ичидан соғломлаштира олсаккина, коррупцияни жиловлаш вазифаси натижа берармиш;

- Жиноят қонунчилигига коррупцион жиноятлар учун фавқулодда жазо сифатида ўлим жазосини белгилаш билан коррупция ҳолатларига тўлиқ барҳам бериб бўлмасмиш;

- Қамоқхоналарни маҳкумларга тўлдириб ташлайвериш билан ҳам иш битмасмиш, шу сабабли, жиноят содир этилишининг олдини олиш, агар шундай бўлган бўлса, жиноят оқибатларини минималлаштириб, хато қилган шахснинг жамиятдан бутунлай узилиб кетишига йўл қўймасдан уни қайта тарбиялаб, элга қўшиш керакмиш;

- Коррупциянинг олдини олиш учун қонунга ўзгаришлар ҳам киритилмоқдамиш, масалан, Жиноят кодексининг пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик кескин кучайтирилиб, мазкур жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасидан ўта оғир турдаги жиноятлар тоифасига ўтказилармиш, бундайларни 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиши кўзда тутилаётганмиш.

Ҳурматли ўқувчиларимиз, эътибор беринг, коммунистик Совет замонида ҳам шунга ўхшаш тарғибот ишлари кенг шаклда олиб бориларди, ҳатто олий жазо, яъни ўлим жазоси ҳам берилади, аммо порахўрлик ва коррупция гуллаб-яшнарди. Дарвоқе, Хитой ҳам ҳозир айнан шу йўлдан кетишни давом эттирмоқда. Катта порахўр ва коррупционерларга ўлим жазоси берилмоқда. Аммо, бу соҳадаги жиноятлар камайгани кўринаётгани йўқ.

Шундай экан, яқин тарихимизга, Хитой каби диктаторликларнинг тажрибасига эътибор бермасдан, Эркин Йўлдошев каби масхарабозлик руҳидаги сафсатабозлик билан шуғулланиш – порахўрлик ва коррупцияни жиддий шаклда КАМАЙТИРОЛМАЙДИ. Ривожланган дунё тажрибаси кўрсатиб турибдики, порахўрлик ва коррупцияни МИНИМАЛЛАШТИРИШНИНГ ягона йўли – ДЕМОКРАТИЯДИР.

Мана биттагина мисол. Бугун дунёда энг демократик давлат Норвегия ҳисобланади, айнан Норвегияда порўрлик ва коррупция минималдир.

Демак, Президент Шавкат Мирзиё, Бош Прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев, ЎзАнинг мухбири Барно Мелиқулова кабиларга демократия дарси бериш керак. Ана ўшанда Ўзбекистонда ҳам, Норвегияда каби, порахўрлик ва коррупция минималлашади. Аммо, унутмайликки, порахўрлик ва коррупцияни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, чунки бу сифатлар инсоннинг табиатида борлиги одамзоднинг прогрессив қисми тарафидан исботланиб бўлган.

Агарда Ўзбекистон демократия йўлига ўтмаса, халқ майдонларга чиқиб, мавжуд режимдан мамлакатимизда фундаментал ислоҳотлар ўтказишни, демократия ҳамда тўла бозор иқтисодиётига ўтишни талаб қилишга мажбур бўлади.