23 April 2019
08:40 - Жанубий Корея Президенти Самарқанддан Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга учиб кетган экан
Шу йил 21 апрелдаги хабаримизда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонга расмий ташрифини тугаллаб, Самарқанддан қаергадир учиб кетганини билдирган эдик. Чунки, ўшанда Мун Чжэ Ин қаерга учиб кетганини тахмин қилсак ҳам, аниқ билмас эдик.

Кеча кечқурун ЎзА “Жанубий Корея ва Марказий Осиё: Мун Чжэ Иннинг Қозоғистонга давлат ташрифи ҳам ниҳоясига етди” сарлавҳали хабар тарқатди. Шундан тушундикки, тахминларимиз тўғри бўлган, Жанубий Корея Президенти Ўзбекистондан кейин Қозоғистонга ҳам ташриф буюрган.

ЎзАнинг хабарида айтилишича, Жанубий Корея Президентининг ташрифи пайтида ўтказилган матбуот конференциясида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кореялик ҳамкасбининг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларига ўн йил тўлган даврга тўғри келганини таъкидлаб ўтибди.

Бундан ҳам муҳими, Қозоғистон ва Жанубий Корея машинасозлик, йўл қурилиши, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, молия соҳаси, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиб келаётганлари, Корея Республикаси давлат раҳбарининг ушбу ташрифи доирасида имзоланган ҳамкорликнинг янгиланган дастури ўзаро муносабатларда янги даврни бошлаб бергани матбуот анжуманида алҳида урғуланибди.

Қозоғистон Корея Республикаси билан инновацион технологиялар соҳасида ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлаш ниятида экан. Бу ният савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий соҳаларда Қозоғистон – Жанубий Корея ҳукуматлараро комиссия ишини ривожлантириш бўйича имзоланган ҳужжатда ўз аксини топибди, Нур-Султон шаҳрида икки мамлакат ҳамкорлигида “IT марказ” очиладиган бўлибди.

Кўриб турибмизки, Жанубий Кореяни Марказий Осиёда фақат Ўзбекистон эмас, Қозоғистон ҳам қизиқтирмоқда.

Расмда - Қосим-Жомарт Тўқаев ва Мун Чжэ Ин.