09 April 2019
21:47 - Шавкат Мирзиё: Ислом - нур эканини одамлар тарбиясига сингдира олмадик. “Ҳаракат”: Демак, Ислом дини фундаментал ислоҳотларга муҳтож!

6 апрель куни Термиз шаҳрида бошланган “Халқаро Бахшичилик Санъати Фестивали” очилишида қатнашиш учун у ерга борган Президент Шавкат Мирзиё Термиз яқинидаги Султон Саодат Мақбарасини ҳам зиёрат қилган эди. Ўша зиёрат пайтида у Ислом дини ва унинг ютуқларини улуғлаш билан бир қаторда, шундай дегани ҳам оммавий ахборот воситаларида хабар қилинди: “Очиқ айтсак, шу билимимизни, шу бойлигимизни, Ислом - нур эканини одамлар тарбиясига сингдира олмадик. Фожиамиз мана шунда.”

Янглишаябсиз, жаноб Шавкат Мирзиё! “Ислом – нур эканлигини” фақат Сиз эмас, бутун Ислом дунёси мусулмонларга сингдиролмади. Чунки, Ислом қаерда мустаҳкам жойлашса, ўша ерда ҳамма ривожланишларга барҳам берилиб келмоқди. Қоҳирада қандай буюк илмий академия бор эди, ҳатто Ал-Хоразмий ўша ерга бориб ишлаган. Ислом ерлашгач, бу академия йўқ бўлди.

Боғдодда жаҳоннинг биринчи расхадхонаси бор эди, 2-чи расадхонанини Мирзо Улуғбек Самарқандда яратди. Аммо, Ислом мустаҳкам жойлашгач, бу расадхоналар йўқ қилинди.

Шу билан, ўша пайтнинг саводсиз уламолари Ислом нур эмас, қоронғилик эканлигини ҳаммага кўрсатиб бердилар. Руслар Марказий Осиёни босиб олмасалар эди, Самарқандда расадхона бўлганлигини ҳозиргача билмай юрган бўлардик.

Бу ғариб аҳволдан чиқишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментиал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Ана ўшанда “Ислом – нур эканлигини” қайтадан кун тартибига олиб чиқиш мумкин бўлади.

Шундай экан, Сиз ўзингиз жаноб Шавкат Мирзиё - Ўзбекистондаги Ислом уламоларини динимизни ислоҳот қилишга мажбур қилишингиз керак. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси лидери Абдураҳим Пўлат бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлар Идорасига хат ҳам ёзди, аммо у ердаги саводсиз уламолар кўзларини юмиб олдилар.

Уйғотинг уларни, жаноб Шавкат Мирзиё. Акс ҳолда, вақти келиб, ўзбеклар улар билан бирга Сизни ҳам нарироққа улоқтиришади.