06 April 2019
19:41 - Kun.uz сайти Ўзбекистон ғариб аҳволга тушишига Шавкат Мирзиё айбдор эканлигига имо-ишора қилибди, буни очиқча гапириш вақти келиб бўлди
Бугун 6 апрелда Kun.uz сайти Паст Дарғом туманида балиқчи фермерлардан ерлар тортиб олинаётгани ҳақида каттагина хабар-мақола эълон қилди. Маҳаллий раҳбарлар уларга ёрдам беришмаётгани, одамлар Президент Шавкат Мирзиёдан адолат талаб қилишаётгани, аммо бундан ҳам фойда бўлмаётгани ҳақида батафсил маълумотлар хабарда берилган.

Шундан кейин хабар-мақола муаллифи Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ аҳволни Қозоғистон билан солиштириб, Паст Дарғом туманида қилинаётган ишларнинг айбдори Шавкат Мизиё эканлигига имо-ишора қилади. Бу бечора муаллифни тушуниш мумкин, чунки, Ўзбекистонда ПРЕЗИДЕНТДАН БОШҚА ҲАММАНИ танқид қилишга йўл берилган, аммо президентга тил тегизиш мумкин эмас.

Kun.uz сайти ва унинг мухбири тушуниши керакки, ҳаммани танқид қилиб, президентга тил тегизиб бўлмайдиган Ўзбекистон каби мамлакатда ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди, олға кетиб имкони йўқ, чунки, ҳамма нарса президентнинг қўлида.

Шундай экан, мавжуд оммавий ахборот воситалари Шавкат Мирзиёнинг тожиклар режимидан Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ўтказишни очиқча талаб қилишлари керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.