01 April 2019
06:15 - Туркияда маҳаллий ҳокимларнинг сайловида Отатурк тарафдорлари ғолиб чиқмоқдалар
Бу мамлакатдаги 3 та буюк шаҳарда, яъни Истанбул, Анқара ва Измирда отатуркчиларнинг “Миллат Иттифоқи” кўрсатган номзодлар ғалаба қозониши демократлар тарафидан аввалдан башорат қилинмоқда эди. Эгей денгизи бўйидаги Измир шаҳрида айнан отатуркчилар ғалаба қозонишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Аммо, охирги йиллар исломчиларнинг қўлида бўлган Истанбул ва Анқарада нима бўлишини авалдан билиш ҳам қийин эди. Ҳозир пойтахт Анқарада отатуркчилар ғалаба қозонгани расман маълум бўлди. Аммо, Истанбулда ҳали ҳам ноаниқлик бор. Икки тараф ҳам ўз номзоди ғалаба қозонганини иддао қилмоқда, аммо расмийлар ҳали буни тасдиқлаганлари йўқ.

Ҳозир Туркиянинг асосан Ўртаер ва Эгей денгизлари тарафида 10 тача катта шаҳар бор. Ҳозир уларнинг мутлақо кўпчилигида айнан “Миллат Иттифоқи”нинг номзодлари олдинда кетмоқдалар. Аммо, ниҳоий натижалар бугун маълум бўлади. Жуда катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, катта шаҳарларнинг кўпчилигида айнан отатуркчилар ғалаба қозонадилар. Туркиянинг денгизлардан узоқда бўлган ички вилоятларининг кўпчилигида “Жумҳур Иттифоқи” номзодлари ғалаба қозонсалар керак, аммо у ерларда аҳоли кўп эмас. Демак, ҳал қилувчи ҳудудларда отатуркчилар ғалаба қозонишлари жуда муҳимдир.

Кўрамиз, бир неча соатдан кейин Марказий Сайлов Комиссияси ҳамма натижаларни эълон қилади, кечаги сайловларда катта ўзгаришлар бўлгани, “Ҳаракат” аввалдан айтиб келаётгандек, отатуркчилар юксалаётгани исботланади.