16 March 2019
01:07 - Машҳур диссидент-шоир Юсуф Жуманинг қизи Ферузани Ўзбекистондан чиқариб юборишмоқчи
2011 йилнинг 18 майида қамоқдан тўғридан-тўғри Тошкент халқаро аэропортига олиб келиниб, АҚШдан сиёсий бошпана берилган ва бу мамлакатга элчихона вакиллари ҳамроҳлигида учириб юборилган Юсуф Жуманинг қизи Феруза Жумаевани Бухородан ва умуман Ўзбекистондан депортация қилиш учун ҳаракат бошланган.

Гап шундаки, Феруза 2011 йилнинг 18 майида отаси билан АҚШга кетган, сўнг турмуш ўртоғи Зафар Икромов АҚШ визаси ололмагач, ўтган йили Ўзбекистонга қайтиб келган эди. Минг машаққатлар билан 2018 йилнинг 18 октябрида АҚШдан Тошкентга учиб келиб, бу ерда халқаро сўнгра Бухоронинг Қоракўл туманидаги ота уйига етиб кели, ўшандан бери шу ерда яшаётган Феруза Жумаевга энди депортация таҳдид солмоқда.

Феруза Жумаева кўпчилик мухолифат вакиллари сингари Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинган, АҚШ фуқаролигини ҳам олмаган шахслардан биридир. Унинг 12 яшар ўғли ҳозирда онаси билан биргаликда Қоракўлда яшамоқда. У таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум, бирор давлатга тегишлилиги ҳам йўқ.

“Шу йилнинг 20 февраль куни Бухоро вилояти прокуратурасига шикоятимиз бўйича чақиришди. Бухоро вилояти прокуратурасидагилар яхши муомала қилиб, “Қизим, ишингизга ёрдам берамиз” дейишди. Сўнгра ОВИР ходимларини чақириб, менга ёрдам кўрсатишни тайинлашди. Аммо ОВИРга олиб келишгач, Тошкент билан маслаҳатлаш кераклигини айтишди. Тошкентдан қўнғироқ қилган Дишод исмли шахс эа, “уни мамлакатдан чиқариб ташланглар”, деб бақирди” дейди “Ҳаракат” мухбирига Феруза Жумаева.

Феруза тақдим қилган ҳужжатларга кўра, у шу пайтга қадар доимий равишда Ўзбекистон президентининг вирутал қабулхонаси, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва бошқа органларга фуқаролигини тиклаш борасида илтимосномалар ёзиб келган. Аммо уларнинг бирортасидан ижобий жавоб йўқ.

“Мен муҳтарам президентимизнинг ватандошларни Ўзбекистонга чорловига ишониб ватанга қайтиб келдим. Ўзбекистон она ватаним, бу ерда турмуш ўртоғим, рўзғорим бор. Мен энди қаерга бораман, АҚШда тил билмасам, турмуш ўртоғим Зафар Икромовга АҚШ виза бермаса, у ёқда қандай яшайман” дейди Феруза Жумаева.

Ҳозир Ферузанинг иши билан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти шуғулланмоқда. Бу иш ижобий ҳал қилиниши керак ва ишонамизки, ижобий ҳал қилинади.

Кўп йиллар аввал олинган расмда Бсуф Жумани, унинг турмуш ўртоғи Гулнора опани ва Фурузани кўрмоқдасиз.