12 March 2019
12:31 - Ҳаммаёқ масхарабозлик: Шавкат Мирзиё Навоий вилоятига кетди, у ерда ўртача ойлик юксаклиги ҳақида ёлғон хабар тарқатилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, аввалги вазифалар ижроси билан танишиш, янги истиқболли лойиҳаларни белгилаш мақсадида бугун 12 март куни Навоий вилоятига жўнаб кетгани ҳақида ўта қисқа хабарни ЎзА тарқатди. Тўрттагина жумладан иборат хабардаги иккита жумла қуйидагича: “Давлатимиз раҳбари барча ҳудудлар каби Навоий вилоятига ҳам бир неча бор ташриф буюриб, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. 2017 ва 2018 йиллардаги ташрифлар чоғида белгиланган чора-тадбирлар натижасида вилоятда жуда кўп ишлар амалга оширилди.”

Хабардан мақсад – Навоий вилоятида ҳамма нарса зўр бўлаётганини кўрсатиш. Аммо, буни тасдиқлаш учун бугун ЎзАда яна бир бошқа ёлғон хабар тарқатилди. У хабарда айтилишича, “маълумотларга кўра, 2018 йил январь-сентябрь ойларида Навоий вилояти шаҳар, туманлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 105,6 фоизга ошганмиш. Яъни, вилоятда ўртача ойлик иш ҳақи 2 214,6 минг сўмни ташкил этганмиш.” Кеча 1 доллар 8374,10 сўмга тенглиги эълон қилинган эди. Демак, Навоий вилоятида ўртача ойлик 264,5 доллар эмиш.

Қаранг, хабарда маълумот қаердан олингани айтилмайди. Қолаверса, бу ёлғон маълумот эканлиги ҳам ўз-ўзидан маълум. Чунки, Ўзбекистонда ҳақиқий ўртача ойлик ҳозир 100 доллар атрофида. Аммо, бу эълон қилинган маълумотни тўғри деб ҳисобласак ҳам, бизда ўртача ойлик ривожланган давлатлардан 10-15 баравар камлиги кўриниб қолади. Яъни, Ўзбекистонимиз инсон эркинликлари бўйича “ёмонларнинг ёмони” ҳисобланадиган 13 давлат ичида эканлиги жаҳонга машҳур Озодлик Уйи (Freedom House) ташкилоти тарафидан исботланган эди. Мана энди кўриб турибмизки, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам жаҳоннинг қашшоқ давлатлари ичидамиз.

Айнан шу сабабдан, ҳозир миллионлаб ўзбеклар Россия ва бошқа мамлакатларга кетиб ва ойлаб-йиллаб ўз оилаларини ҳам кўролмасдан, бир бурда нонга пул топиш учун қуллардек ишламоқдалар. Бугун Шавкат Мирзиё Навоий вилоятига бориб, аҳолининг ўртача ойлигини янада орттириб келса керак.