12 March 2019
07:12 - Доналд Трамп 2020 йил Давлат Бюджети учун $4,7 триллион сўради, 3,3 миллиарди Исроилга ёрдам, 661 миллиони Россиянинг Европа ва Марказий Осиёдаги таъсирини синдириш учун

Авваламбор эслатиш керакки, АҚШда молиявий йил 1 октябрда бошланиб, кейинги йилнинг 30 сентябрида битади. Демак, 2020 йилнинг Давлат Бюджети 2019 йил 1 октябргача тасдиқланиши керак.

Оқ Уй кеча тарқатган хабарда айтилишича, АҚШ Президенти Доналд Трамп 2020 йил Давлат Бюджети учун $4,7 трилион сўраб, ўз сўровини, тўғрироғи, Давлат Бюджети лойиҳасини Конгрессга юборибди. Бу лойиҳага кўра, ҳукуматнинг ҳаражатлари 5 фоизга камаяди, Мексика билан чегарада қуриладиган девор учун 8,6 миллиард доллар ажратилади.

Ўзбекистондек давлатнинг 2018 йил бюджети 7.7 миллиард доллар деб режалаштирилганини ҳисобга олсак, Мексика билан чегарага қуриладиган девор учун 8,6 миллиард доллар режалаштирилаётгани ҳар қандай одамни шокка тушириши шубҳасиздир. Ўтган йили ҳам девор учун катта пул сўралгани сабабли, 2019 йил учун Давлат Бюджети ўз вақтида тасдиқланмаган ва 22 декабрдан 25 январгача баъзи муҳим вазирликлардан бошқалари ишламаган, яъни шатдаун бўлганди.

Конгресснинг қуйи палатаси, яъни Вакиллар Уйида мухолифатдаги Демократик Партия вакиллари кўпчиликни ташкил қилишини ҳисобга олсак, Доналд Трамп таклиф қилаётган 2020 йил Давлат Бюджети лойиҳаси осонликча тасдиқланмалигининг эҳтимоллиги катта.

Лойиҳада Ташқи Муҳитни Ҳимоя қилиш Агентлигига ажратиладиган пул ўтган йилдагига қараганда 31 фоизга, Ташқи Ишлар Вазирлиги, яъни Давлат Департаментига ажратиладиган пул 23 фоизга, Транспорт Вазирлигига ажратиладиган пул 22 фоизга, Таълим Вазирлигига ажратиладиган пул 12 фоизга камайиши ҳам режалаштирилган.

Айни замонда, Давлат Бюджетининг 5,4 миллиард доллари Европа ва Осиё давлатларидаги АҚШ ҳарбийлари учун, 3,3 миллиарди Исроилга турли дастурлар доирасида ёрдам бериш учун ажратилади. 661 миллиони эса, Россиянинг Европа ва Марказий Осиёдаги таъсир кучини синдиришга, 707 миллиони Шимолий Корея, Эрон ва террорист гуруҳлар билан курашишга, 500 миллиони Венесуэлани демократлаштиришга саврфланади.

Мудофаа Вазирлигининг бюджети 740 миллиард доллар бўлиши, жорийдаги йил учун 716 миллиард бўлгани ҳам хабарларда айтилмоқда.