19 December 2018
09:31 - Шавкат Мирзиёга яна текин маслаҳат: Жадал ислоҳотлар учун кадрлар ва билимли ёшлар ҳам керак, аммо аввал фундаментал ислоҳотларни бошланг, Миллий Уйғониш Куни келмоқда!!!

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА ҳеч қандай таҳлилсиз хабар беришича, кеча Президент Шавкат Мирзиё мамлакатимизда замонавий кадрларга эҳтиёжни таъминлаш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказибди. Бу йиғилиш одатдаги масхарабозлик эканлигини унинг қуйидаги сўзларидан тушуниш мумкин:

“Ҳозирги тизимли ўзгаришлар жараёнида аксарият мутахассисларнинг бунга тайёр эмаслиги, уларнинг билими, малакаси ва кўникмаси замон талабига жавоб бермаслиги аён бўлиб қолди... Масалан, хорижда магистратура ва докторантурада ўқитиш, малака ошириш ва стажировка ташкил қилиш бўйича дастлабки эҳтиёж 3,5 мингдан ортади. Юртимизда халқаро илмий ва амалий тажрибага эга 600 нафардан зиёд ватандошимизга эҳтиёж мавжуд. 1000 га яқин хорижий олим ва экспертларни жалб этишга талаб бор. Яъни, бугун кечиктириб бўлмайдиган, оддий илмий ва илмий-педагогик кадрларга эҳтиёж 5 мингдан зиёдни ташкил этади. Агар ишлаб чиқаришдаги талаб ҳам инобатга олинса, бу рақам камида 50-100 баробар ошади.”

Жаноб Шавкат Мирзиё, биринчидан, ривожланган давлатларда аҳолининг ўртача ойлиги 1,5-3,5 минг доллар ўртасида, бизда эса ҳатто Давлат Статистика Қўмитаси тарқатаётган ёлғон маълумотларга кўра, бор-йўғи 200 доллар атрофида экан, Ўзбекистонга юқори малакали, тажрибали мутахассисларни жалб қилиш мумкин деб ўйлайдиган даражада соддамисиз? Бизда минимал ойлик 24 доллар, Қозоғистонда 120 доллар, АҚШда 1 минг доллардан анча ортиқ эканлигини биласизми?

Иккинчидан, СССР коммунистлари худди Сизга ўхшаб косметик ислоҳотлар ўтказиш билан шуғулланганлари сабабли, шундай улуғ давлат ўлганини, ҳозирги ғариб аҳволдан чиқиш учун Ўзбекистондан бошқа ҳамма собиқ Совет республикалари ва ҳатто Хитой қилгани каби фундаментал иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, қисқа қилиб айтсак, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, катта бойлар, яъни инвесторлар яратиш йўлига Сиз ва Ислом Карим жинояткорона қўйган тўсиқларни дарҳол олиб ташлаш кераклигини наҳотки атрофингиздаги маслаҳатчиларингиз ҳам тушунмайди?

Учинчидан, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча биз тўла демократияга ўтолмаслигимизни тушунамиз, аммо Сиз қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ сиёсий партиялардан дарҳол тозаланиш кераклигини, ҳеч қачон радикализм ва терроризм йўлига ўтмаган “Бирлик” Партияси каби демократик мухолифатнинг иштирокида ҳақиқий президент ва парламент сайловлари, кейин маҳаллий сайловлар ўтказиш кераклигини ҳам тушунмайсизми?

Шундай экан, Сизга текин маслаҳат бермоқчимиз. Ўзбекистон ва унинг халқини ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун юқорида санаб ўтилган фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни дарҳол бошлаш керак. Бундай ислоҳотларни тез ва самарали ўтказиш учун бу ишларга дунё тарафидан тан олинган “Бирлик” Партиясини, тажрибали давлат арбоби Рустам Азимни тортиш керак.

Ҳозир жойларда майда гуруҳларнинг норозилик чиқишлари кўпайиб бораётганини эшитган бўлсангиз керак. “Бирлик” 1989 йил 19 март куни ўзбек халқини тарихда биринчи марта “Ўзбек тили давлат тили бўлсин!” шиори остида ҳозирги Мустақиллик Майдонига тинч митингга олиб чиққанини билишингизга шубҳа йўқ. Мана ўша куннинг, яъни Миллий Уйғониш Кунининг 30 йиллиги яқинлашиб келмоқда. Бу кунни ҳамма байрам қилиши керак, акс ҳолда, Ўзбек баҳори бошланиб кетиши мумкин.

Расмда – 1989 йил 19 мартда, яъни Миллий Уйғониш Куни Мустақиллик Майдонида ўтказилган мини-митингни эмас, 1989 йил 23 сентябрь куни Навоий кўчасида уюштирилган муҳташам намойишни кўрмоқдасиз.