18 December 2018
01:30 - Қизиқ хабар: Тошкентда шаҳар Wi-Fi тармоғи ишга туширилди
Тошкентда SOLA бренди остида ягона шаҳар Wi-Fi тармоғи ишга туширилди. 1200 нуқтадан интернетдан бепул ва пулли асосда фойдаланиш мумкин.

17 декабрь куни SOLA бренди остида Wi-Fi телекоммуникацион операторини ишга туширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди, дея хабар қилди лойиҳани амалга ошираётган Asia Wireless Group компанияси вакили. «Тошкент интернетга симсиз кенг полосали кириш умумшаҳар тармоғи мавжуд Марказий Осиёдаги биринчи шаҳарга айланди», - дейилади пресс-релизда.

Ҳозирда Ўзбекистон пойтахтида 1200 та Wi-Fi нуқталари фаолият кўрсатмоқда. Баҳорга қадар пойтахтдаги бу каби нуқталар сонини 5000 тага етказиш режалаштирилмоқда.

SOLA тизимида интернетга пулли ва пулсиз асосда кириш мумкин. Бепул кириш учун аввал реклама ролигини томоша қилиш лозим. Пулли тарифларда абонент кунлик, ҳафталик ёки ойлик обуна билан туганмас интернетдан фойдалана олади.

Хабарда қайд этилишича, фойдаланувчи тармоққа тўртта тугма орқали улана олади. Тўловлар Paynet, Click, UzCard ва PayMe тўлов тизимлари орқали қабул қилинади. Келгусида Asia Wireless Group Visa, Mastercard ва Unionpay халқаро карталари орқали ҳам тўловларни қабул қилишни режалаштирмоқда.

Asia Wireless Group бош директори Бекзод Аҳмедовнинг сўзларига кўра, SOLA тармоғи Тошкентнинг Жанубий ва Шимолий вокзал, Megaplanet, Parus, Samarqand Darvoza ва VegaCentre савдо марказлари, «Чилонзор», «Қатортол», Юнусобод", «Миробод» ва «Паркент» бозорлари ҳудудларида мавжуд.

Яқин келажакда Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Навоий, Урганч ва Қарши каби шаҳарларда 45 мингта нуқта ташкил этиш режалаштирилган. // Gazeta.uz