26 November 2018
22:18 - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат ва скептиклик ҳамда ҳақиқатчилик ҳақида

“ҲАРАКАТ” МУХБИРИ: Сайтимизда 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Осиё Форуми номи билан ўтказилган ўта ножиддий тадбир ҳақида хабар қилгандик. Билишимизча, сиз ҳам ана шу шоуда иштирок этдингиз ва энг қизиғи, Сизни у ерга охирги соатларда таклиф қилишди. Тахмин қилиш мумкинки, бу Форумнинг спонсори бўлган Ғарб шундай қилишни талаб қилган. Биз “Эзгулик”ни жиддий ташкилот ва ҳамкоримиз сифатида қабул қиламиз. Шу сабабли бу ҳақда фикрларингизни билишни истардик. Дўст ачитиб гапиради, деган гап бор. Буни ҳам унутмайлик.

АБДУРАҲМОН ТАШАНОВ: Мени охирги соатларда бўлса ҳам у ерга таклиф қилишгани ижобий воқеадир. Аммо, Самарқанд форумига баҳо беришда “Ҳаракат”да бироз скептиклик бор. Келинг, фикримни асослай. Ана шу тадбирда БМТнинг турли структуралари, халқаро ташкилотлар иштирок этишди. ЕХҲТнинг Демократик Институтлари ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси директори сингари нуфузли шахсларнинг иштироки таъминланди. Улар Ўзбекистоннинг кейинги тузуми, яъни Мирзиёев ҳукуматининг жаҳон ҳамжамиятига умид бера олгани, бу борада улар бизга ёрдам беришга интилаётгани хусусида гапиришди. Сиёсий интеграцияларни ривожлантириш масаласини билвосита кўтаришди.

Билишимча, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” ҳам ана шундай сиёсий интеграция чақириғи билан келмоқда-ку!

Айтайлик, анжуман ўтказилмади, Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси юбилейи тантана қилинмади: хўш, нима бўларди? Ҳеч нима, ҳатто ҳеч ким Ўзбекистоннни бундай қилмагани учун айбламасди ҳам. Демак, ўтказилмаганидан ўтказилгани, гапирилмаганидан гапирилгани яхши. Иштирокимизга келсак, эшитишимча тадбир ташкилотчилари донорлар талаби билан бизни чақиришибди. Яъни, мазкур анжуман Британия ҳукуматининг чўнтагидан амалга оширилган.

Мендан ташқари бу ерга Жаслиқнинг 11 йиллик маҳбуси Аъзам Фармонов, Саиджаҳон Зайнобиддинов сингари мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари келди. Тўғрисини айтса, Марат Зоҳидовни қайси тоифага киритишни ҳам билмайман. Аммо, Бухородаги гуманитар ҳуқуқлари маркази директори Шуҳрат Ғаниев ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил Ташкилоти раиси Исмоил Одилов ҳам таклиф қилинганидан хабарим бор.

Бу ерга Халқаро Амнистия, Ҳьюман Райтс Уотч, Ҳьюман Райтс Партнершип сингари доим Ўзбекистон ҳуқуматини танқид қилиб келадиган ташкилотларнинг вакиллари ҳам келишди. Улар сиёсий маҳкумларни реаблитация қилиш, яъни бутунлай оқлаш масаласини кўтаришди. Бундай талаблар аввалги йиғинларда кун тартибига қўйилмаган.

Бундан ташқари, ҳукумат билан бир стол атрофида ўтирдик. Назаримда, улар ҳам “мустақил”ларнинг душман эмаслигини, вазиятдан бизнинг кескин танқидларимзни қабул қилмасдан чиқиш мумкин эмаслигини тушунишган чоғи, биз билан илиқ гаплашишди.

Жойи келгани учун эслатаман, шу йилнинг 21 ноябрь куни Тошкентда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистонда катта йиғини ўтган ва бу ерда ҳам фуқаролик жамияти вакиллари ҳукумат аъзолари билан бир панелда ўтиришганди. Тасаввур қилинг, Елена Урлаева, Аъзам Фармонов, Бош вазир ўринбосари ва вазирлар бир минбарда бўлишди. Айтайлик, тирноқ остидан кир қидирилса, “ҳа, нима бўпти” дейиш ҳам мумкин. Лекин ҳамма жараёнларнинг кичик қадамлардан бошланишини унутмаслик керак.

Хуллас, Самарқанд Форуми кўп жиҳатдан фойдали бўлди. Энг камида муаммоларни айтиб олиш, халқаро ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш нуқтаи назаридан.

“ҲАРАКАТ” МУХБИРИ: Кўриниб турибди, анчайин оптимист кайфиятда экансиз. Аммо, бизда скептиклик аломатлари борлигини гапириш хато бўлади. Биз ҳақиқатни гапирамиз. Масалан, бутун дунё тарафидан террорист деб тан олинган “Толибон” билан музокаралар ўтказишни таклиф қилаётган Шавкат Мирзиё ҳеч қачон бировга кесак ҳам отмаган, ҳақиқий демократик “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини сиёсий саҳнага киритмоқчи эмаслигини ҳозир ёш бола ҳам кўриб турибди-ку. Бундай режим ўз ихтиёри билан демократия томон ҳеч бир қадам қилмаслиги аниқ. Уни бундай қилишга мажбурлаш керак.

Майли, нима бўлса ҳам, Самарқанддаги Форумга Сиз каби ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячилари чақирилгани ижобий қадам. Лекин, бу ерда ҳам асосий ролни Ўзбекистондаги режим эмас, Ғарб ўйнаганини ҳамда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Ғарб лидерларига ёзган мактубларида Ўзбекистонни изоляция қилиш керакмаслигини, аксинча, уни демократик дунё қучоғига тортишни таклиф қилиб келаётганини билсангиз керак. Демак, спонсорлар, яъни Ғарб, Сиз каби ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячиларини Самарқанддаги Форумга таклиф қилдиришга эришгани - Абдураҳим Пўлатнинг ҳам ғалабасидир.

Эслатиш керакки, Абдураҳим Пўлат 2012 йилда АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтонга ёзган мактубида, Кубага нисбатан олиб борилаётган изоляционизм сиёсати хато бўлганини, изоляцияни тўхтатиб, Куба билан диполматик алоқларни тиклаш ва у давлатни демократия тарафига тортиш кераклигини ёзган эди. Ўшанда АҚШ айнан шундай қилган.

Бу каби мавзулар муҳокама қилиниши керак ва “Ҳаракат” шу йўлда давом этаверади. Шу ўринда яна бир саволимиз бор эди. Сентбярь ойида Европадан, таркибида Болгариялик Европарламент депутати ҳамда ҳозир мажбуран Швецияда яшаётган “Бирлик” лидерларидан Пўлатжон Охун ҳам бўлган нуфузли делегацияни Ўзбекистонга таклиф қилдингиз ва улар билан мамлакатнинг турли минтақаларига сафарлар уюштирдингиз, ҳуқуқ ҳимоячилари ва “Бирлик” фаоллари билан учрашувлар ташкил қилидингиз. Авваллари Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилотлари бунлай ташаббусни амалга оширмагандилар. Лекин бирор матбуот нашрида бу ҳақда пичоққа илинадиган хабар ёки материал ўқимадик. Бу учрашувлар ҳақида гапирмасликка масъул эдингизми ёки бошқа сабаблар борми?

АБДУРАҲМОН ТАШАНОВ: Мен бу ерда расмий ахборот воситалари ҳақида гапирмоқчи эмасман. Аммо, бироз кинояли шаклда айтаман, Европадан келган делегациянинг Ўзбекистондаги сафари ҳақида энг камида ижтимоий тармоқларда хабар бермаганимиз сабаби - ўзимизнинг дангасалигимиз, ҳатто уқувсизлигимиз бўлди. Бошқа сабаб йўқ. Биз бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермадик, пресс-релизлар тарқатмадик. Аслида буни нотўғри қилганимизни энди тушунаяпман.

Келинг, воқеа тафсилотларига тўхталай. Европа Иттифоқидан таклиф қилган делегациямиз ичида бир Европа Парламенти депутати, Швеция Ташқи Ишлар Вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича вакили ёрдамчилари бор эди. Шунингдек, тадбир ташкилотчиси бўлган Швециядаги Халқаро Либерал Марказ координатори Оса Ниллсон хоним ва Марказий Осиё Ассосиацияси раҳбари, ҳозир мажбуран Швецияда яшаётган “Бирлик” лидерларидан бири Пўлатжон Охуннинг меҳнатини алоҳида олқишлаш керак.

У делегация аъзолари Ўзбекистонда энг камида 130-150 киши билан мулоқотда бўлишди. Бу ҳазилакам гап эмас. Ҳамсуҳбатларимиз оддий одамлар эмас, ҳуқуқ фаоллари, мухолифат фаоллари, ҳукумат вакиллари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари бўлишди. Омбудсман билан учрашув бўлгани ҳам муҳим воқеадир... Бундай рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Делегация вакиллари Ўзбекистон сафаридан сўнг халқаро ташкилотларга, хорижий сармоядорларга тавсияномалар тақдим қилишди. Унда Ўзбекистонга бориш муҳимлиги, бу ерда анчайин сиёсий илиқлашув мавжудлиги, фуқарлик жамияти вакилларига аввалгидан кўра афзалроқ вазият юзага келгани айтилган.

Мазкур учраушларнинг иккинчи раундини америкаликлар билан ўтказиш режамиз бор. Бироқ ҳали бу борада ҳеч кимга оғиз очганимиз, бирор нарса режалаштирганимиз йўқ. Иккинчи босқичда аввалги хатоларимизни такрорламаймиз, матбуот билан фаол ишлаймиз.

Энди “болалар меҳнатини эксплуатациясига чек қўйиш”, “сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини талаб қилиш” сингари мавзулар эскирди. Энди янги стратегия ва дастурлар лозимлигига, биринчи навбатда, ҳақиқий демократик партияларга сиёсий саҳнага чиқиш йўлини очиш кераклигига урғу берамиз. Фуқаролик жамиятини амалда яратиш ва ҳақиқий сиёсий ҳуқуқлар борасида фаолият олиб бормоқчимиз.

“ҲАРАКАТ” МУХБИРИ: Яхши, энди “Эзгулик” фаолияти борасида икки оғиз гапирсангиз. Унинг етакчиси Васила Иноятова оламдан ўтди, шубҳасиз, унинг ўрнини қоплаш мушкул иш. Аммо ҳаёт давом этади, ишлаш керак. Нима дейсиз?

АБДУРАҲМОН ТАШАНОВ: Васила опанинг кутилмаганда оламдан ўтиши катта зарба бўлди. Бунинг устига молиявий муаммолар ҳам қўшилиб, ишимиз деярли тўхтаб қолган. Шунга қарамай ҳозирда маблағ топиш, халқарор ташкилотлардан грант кўринишидаги ёрдамлар олиш йўлларини қидиряпмиз. Янги йилга умид боғлаганмиз. Қурултой ўтказиб, ишларни тартибга солиб олишимиз зарур.

Шу мақсадда яқинда Бюрюсселда донорлар, халқаро фондлар билан гаплашиб қайтдим. Лойиҳаларимизни қўллаб-қувватлашга ваъдалар олдим, лекин бу дегани ёрдамлар нақд дегани эмас. Шу фурсатдан фойдаланиб, “Ҳаракат” мухлисларини “Эзгулик”ка кўмак беришга чақирган бўлардим.

Кейинги пайтдаги ҳамма интервьюларимда халқаро ташкилотларни мамлакат ичига кириб, энг кучли тизимга эга бўлган бизнинг ташкилот билан ишлашга чақиряпман. Хорижда тузилган ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотлар, фаоллар билан ишлашдан кўра, биз билан ишлаш фойдалилигини урғуламоқдаман. Ташқаридилар тил ва ташкилотчилик масалаларида холироқ эканига қарамай, мамалакат ичига кириш афзалликлар беришини такрорлаяпман.

Яқинда Вашингтонга қиладиган сафаримиз чоғида ҳам Фридум Хауз, Халқаро Амнести сингари ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар режалаштирганмиз. Режаларимиз бор, “Эзгулик”нинг эски довруғини яна тиклаймиз, янги марралар сари отланамиз.

“ҲАРАКАТ” МУХБИРИ: Суҳбат учун раҳмат. Ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз. Аммо, бир нарсани унутмангки, Ўзбекистондаги мавжуд режим тан олмаётган демократик мухолифат ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бирга бўлишлари кераклиги – ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳам, мухолифатчиларнинг ҳам, нафақат вазифаси, балки, мажбуриятидир.