29 October 2018
12:40 - Грузияда президент сайловларнинг биринчи турида ҳеч ким ғалаба қозонолмади, икки номзод иштирокида иккинчи тур бўлади
Грузияда кеча президент сайловлари бўлаётгани, аввалги президент Михаил Саакашвилининг Умум Миллий Ҳаракат Партияси асосида тузилган Бирлашган Мухолифат Коалициясининг номзоди Григол Вашадзе ва ўзини мустақил номзод сифатида кўрсатган, аммо миллиардер Бидзина Иванишвилининг ҳокимиятдаги Гуржилар Орзуси Партияси тарафидан очиқча қўллаб-қувватланаётган Саломе Зурабишвили асосий номзодлар эканлигини кеча хабар қилган эдик. Марказий Сайлов Комиссияси 98,25 фоиз бюлетенларни кўриб чиққандан сўнг Саломе Зурабишвили 38,6 фоиз, Григол Вашадзе 37,75 фоиз овоз олганинини, демак, иккинчи тур сайловлари бўлишини эълон қилди.

Биринчи турда сайловчиларнинг бор-йўғи 46,74 фоизи иштирок этибди. Шунинг ўзи грузинларда бу сайловларга катта эътибор бўлмаганини кўрсатмоқда. Аммо, расман бўлмаса ҳам, феълан ҳозир ҳокимятдаги партиянинг номзоди бўлган Саломе Зурабишвили биринчи турда ғолиб чиқиш учун керак бўлган 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмагани, мухолифатчи Григол Вашадзедан 1 фоизча кўпроқ овоз олгани кўрсатмоқдаки, миллардер Бидзина Иванишвили ва унинг қўғирчоғи бўлган“Гуржилар Орзуси Партиясига ишонч йўқолиб бўлди. Айни замонда, аввалги президент Михаил Саакашвилининг партиясига ишонч тикланмоқда.

Сайловларда 25 номзод қатнашган эди. Иккинчи турда Саломе Зурабишвили ва Григол Вашадзе қатнашади. Биринчи турда ўз номзодлари билан қатнашган икки партия - Республика Партияси ва Европа Грузияси Партияси – иккинчи турда Григол Вашадзени қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Қизиғи шундаки, Республика Партияси - Гуржилар Орзуси Партиясидан, Европа Грузияси Партияси эса, Умум Миллий Ҳаракат Партиясидан 2 йилча аввал ажралиб чиққан эди.

Биринчи турда Европа Грузияси Партиясининг номзоди Давид Бакрадзе 10 фоиз атрофида овоз олганини ҳисобга олсак, иккинчи турда Григол Вашадзе ғалаба қозонишининг эҳтимоллиги катта кўринмоқда. Иккинчи тур қачон бўлиши ҳали эълон қилинмади.

Расмда - иккинчи турда иштирок этадиган номзодлар Григол Вашадзе ва Саломе Зурабишвили.