08 September 2018
07:41 - Теҳронда Эрон-Туркия-Россия учлиги АҚШга қарши келишибди, аммо террористларга қарши келишолмабди

Кеча Эрон-Туркия-Россия саммити ўтказиш учун Теҳронга аввал Туркия, кейин Россия президентлари келганини, Эрон ва Туркия президентлари бошга-бош учрашув ўтказганлари ҳақида аввал хабар берган эдик. Кейин Путин-Эрдўған учрашуви ҳам бўлди, аммо, нимагадир, Путин-Руҳоний учрашуви бўлмади. Уч лидернинг биргаликдаги учрашуви бор-йўғи 1 соатда битди. Кейин 3 лидер биргаликда матбуот конференцияси ўтказишди.

Аввал ҳам айтганимидек, ҳеч шубҳасиз, Путин-Эрдўған-Руҳоний Сурия масаласида АҚШга қарши туриш масаласини муҳокама қилганлар. Уларнинг умумий фикрини матбуот конференциясида Ҳасан Руҳоний шундай очиқлади: “Саммит бўлмоқда, АҚШ эса, ҳали ҳам ноқонуний нарсалар қилишга уринмоқда, Сурия ҳукуматини қораламоқда. Мен АҚШ ва сионистик кучлар Сурия ишларига аралашмасликлари кераклигини урғуладим. Дўстларим ҳам менга қўшилдилар. Ташқи ҳарбий аралашув бор муаммоларнинг мураккаблигини орттиради. Сурия халқининг дарди кўпаяди”.
Кўриб турибмизки, бу 3 лидер АҚШнинг Суриядан нарироқда туришга чақириш масаласида бир фикрга келишибдилар, аммо АҚШни бунга мажбур қилоладиларми? Табиий, йўқ.

Аммо, террористлар билан оташкес, яъни ўзаро оқ отмаслик ҳақида келишиш масаласида 3 лидернинг ўзлари келишолмабдилар. Матбуот конференцияси пайтида ҳам Ражаб Эрдўған ўзининг оташкес эълон қилиш ва террористларни ҳам шундай қилишга чақириш таклифи қабул қилинмаганинини айтди. Владимир Путин эса, бу йиғилишда террористлар йўқ экан, бир тарафлама оташкес эълон қилиш, террористларнинг фойдасига бўлади деб, ўз фикрини оқлашга ҳаракат қилди.

Бу саммит хусусида қисқача хулоса шундай: Бу минтақада бу 3 давлатнинг манфаатларида умумий нуқталардан кўра, чиқишмаслик нуқталари кўп. Шундай экан, Теҳрондаги саммит масхарабозликдан бошқа нарса эмасди.