26 August 2018
17:18 - Юсуф Жума. Ҳалима Худойбердиева хотирасига
Энг оғир дамларда Ҳалима опага борганман. Узоқ дардлашдик, элу юрт дардларини. Хайрлашаётиб дедилар: Сизни Тангри қўлласин! Эҳтиёт бўлинг! Кейинги тозалашлардан кейин Мавлон акангизга ҳам оғир бўлаяпди. Мен нодон ўйладим: “Президентнинг ўнг қўли бўлсалар қандоқ оғир бўларкин?! ”

Кейинчалик тушундим, Мавлон Умрзоқов ўшанда Бухоролик ёвузларнинг додини берганлар. У пайтлар Юсуф Жума келди деса эрман деб юрган к*тлар эшикларини занжирлаб олардилар.

Мавлон акага ҳамдардман, Тангридан чексиз бардош тилайман. Ҳалима опанинг руҳларига Тангридан чексиз олқиш ёғилсин!

Мавлон Умрзоқ: Дўззахдаману дўззах билан қўрқитмоқчи бўладилар, Қамоқдаману қамоқ билан қўрқитадилар, деб ажойиб шеърлар ёзганлар. Мавлон ака, тушкунликка тушмай ҳам Ҳалима опа учун, ҳам ўзингиз учун шеърлар битинг. Сиз Ўзбекистоннинг энг олд шоирларидан кўра ҳам шоирроқсиз.

Шу ўринда Ўзбекистон Президентига дейман:

“Эй, Шавкат, кўзингни оч, эсингни йиғ, тегрангдаги Ҳалима опанинг, элнинг, ўзингнинг душманларинг билан Московнинг Сталиндан қолган КГБ - Тепловози Московга судраётган ёнаётган вагон - Ўзбекистонни обод этолмайсан. Мавлон Умрзоқдай, Шароф Убайдулладай, бир замон давлат маслаҳатчиси бўлган энг тоза генерал Ўткир Комиловдай зотларни атрофингга тўпла. Уларга молу дунё, мансаб керак эмас. Сен демократияга тоқат этмасанг ҳам кенгашга тоқат эт. Нодонлар кенгаши эмас, оқиллар кенгаши шарт. Йўқса узоққа боролмайсан. Кеча Каримовнинг хотини ҳам яламаган жойларни ялаб, бугун унга тупураётганларидай эртага сенга ҳам тупурадилар. Барини дорга торт, ё дордан ҳам баттар “Жаслиқ”қа юбор. Мен уларни икки юзи икки думбалар деб шеър ёзганман. Икки юзи думбалар билар йўл юриш эрнинг иши эмас. Эр эр билан йўл юради, яна ўзинг биласан.”

Сўзни уқадиган қолмади элда,
Ўтиб бораётир энг сўнггилари.
Энг сўнггилари ҳам энг сўнгги йўлда,
Ўтиб бораётир энг сўнггилари.

Исённинг отин ҳам ўчирмоқдалар,
Туркхоннинг отин ҳам ўчирмоқдалар.
Туроннинг отин ҳам ўчирмоқдалар,
Ўтиб бораётир энг сўнггилари.

Наҳот Одил Ёқуб энди йўқ Шошда,
Наҳот Эркин Воҳид ҳок кийган бошга,
Қон Ҳалима опа кўчдими тушга,
Ўтиб бораётир энг сўнггилари.

Эй Ота Туроним кимларга қолдинг,
КГБ урчитган шумларга қолдинг,
Сотқин онафуруш хомларга қолдинг,
Ўтиб бораётир энг сўнггилари.

Тангрим, Темурингни - Пиримни юбор,
Шошдан Московгача дор тикласин дор.
Орол ўч қонидан чошмоғи даркор,
Ўтиб бораётир энг сўнггилари.

19 август 2018 йил