31 July 2018
19:23 - Яшасин Шавкат Мирзиё: Ўзбекистонда порахўрлик камайганмиш, аммо қанчага эканлиги айтилмайди. “Ҳаракат”: Демократиясиз аҳволимиз яхшиланмайди

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғрчоқ ахборот воситаси ЎзА бизда порахўрлик камайгани ҳақида хабар берар экан, бўлаётган воқеаларга ўз таҳлилини ҳам берибди. Аммо, табиий, хато тахлил берибди. Нимамиш, порахўрликка "муросасиз бўлиш, бу иллатга йўл қўйганларни фош этиш самарасини кўрсатишга бошлабди, коррупцияга қарши курашиш нафақат сўзда, амалда ҳам давом этса, шунда биз тараққиётга тўсиқ бўлган ғовдан батамом қутилармишмиз".

Диктаторликларда лақиллаатиш осон бўлган оддий одамларга ЎзАнинг бу таҳлили, мамлакатимизда яқинда порахўрлик битиши ҳақида берилган сигналдек кўриниши ва оддий одамлар “Яшасин Шавкат Мирзиё!” деб бақирмаслар ҳам, шундай ўйлашлари ўз-ўзидан маълум.

Аммо, аслида, ЎзАнинг бу таҳлили хато. Тараққиётимиз йўлида ғов бўлаётган тўсиқлардан бири бўлмиш порхўрликни порхўрларни жазолашни билан йўқ қилиб бўлмайди. Буни инсониятнинг тарихи кўрсатиб бўлди. Айнан инсониятинг тажрибаси шуни ҳам кўрсатдики, коррупция ва порахўрликни минималлаштиришнинг ягона йўли – демократиядир.

Мана, дунёга машҳур ва дунё тарафидан тан олинган Transparency International номли халқаро ноҳукумат ташкилот дунё давлатларида ҳар йили коррупция ва порхўрлик даражасини кўрсатувчи харитани эълон қилади. Биз бу хабарга қўлимизга тушган 2015 йилнинг харитасини эълон қилмоқдамиз. Ҳеч шубҳа йўқки, йиллар бўйи бу харитада жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Бу харитада зангори рангда бу иллат оз бўлган давлатлар кўрсатилган. Бу иллат кучлироқ бўлган давлатларнинг харитадаги ранги қуйиқлашиб, тўқ қизилдан қорагача етиб боради.

Кўриб турибсизки, демократия ривожланган давлатлар зангори рангда, Болтиқбўйи давлатлари, Гуржистон ва Арманистон сариқ рангда, Россия ва бир қатор бошқа собиқ Совет республиклари тўқ қизил рангда. Аҳвол улардан ҳам ёмон бўлган Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатлар жигарранг, порахўрлик ва коррупция даражаси биздан ҳам юқори бўлган давлатлар тўқ жигарранг ва қора рангларда.

Харитадан ташқари, давлатларнинг коррупция ва порахўрлик даражаси камлиги бўйича рўйхати ҳам бор. У рўйхатда биринчи ўринларда бу иллат минимал бўлган Янги Зелендия ва Скандинавия давлатлари туришади. Мана биз учун қизиқ бўлган баъзи давлатларнинг ўша рўйхатдаги ўрни:

Германия - 12
АҚШ – 18
Япония - 20
Хитой – 79
Саудия Арабистони – 58
Туркия – 83
Озорбайжон -125
Қозоғистон -129
Қирғизистон – 140
Россия -141
Ўзбекистон – 158
Тожикистон -163
Туркманистон – 167

Ҳозир Ўзбекистонда давлатнинг ҳамма органлари порахўрлиик билан шуғулланишга жалб этилган экан, порахўрлик бироз камайиши мумкин, аммо кейин яна аввалги даражасига чиқиб олаверди. Чунки, порахўрлик ва коррупцияни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, уни минималлаштиришнинг ягона йўли – демократиядир. Бизда эса, демократиянинг уруғи ҳам йўқ.

Дарвоқе, айтиш керакки, ЎзАнинг хабарида Олий Суд расмий вакили Азиз Обидовга асосланиб, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26 минг 442 шахсга нисбатан 20 минг 283 иш кўриб чиқилгани, 375 шахс оқлангани ва реабилитация қилингани, судланган 19 минг 683 кишидан 4 минг 828 нафқари озодликдан маҳрум қилингани, 13 минг 657 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинлангани, 1 минг 198 кишига шартли ҳукм берилгани айтилади.

Аммо, бу рақамлар авваллари қандай бўлгани айтилмайдими, демак, Ўзбекистонда бу соҳада жиддий ўзгариш бўлиб-бўлмаганини ҳам айтиб бўлмайди. Бироқ, порхўрлик ва коррупция даражасининг камлиги бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида 158 ўринда эканмиз, аҳволимиз ўта ёмон.