31 May 2018
21:40 - Ўзбекистонни жин урмоқда: АҚШдан қайтиши билан АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонасига ёпишган Шавкат Мирзиёга шапалоқ каби жавоб келди
18 май куни АҚШга расмий таширифидан қайтган Президент Шавкат Мирзиё 19 майда Андижонга боргани ҳақида kun.uz сайти хабар бериб, президентнинг ғазаб ичида айтилган қуйидаги сўзларини келтирганди: “У машина заводи (GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи - kun.uz) номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ. Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод қилинган, локализация кам қиляпти. Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди. Шунинг учун, Андижонда ҳаёт шароитини яхшилаб беришимиз керак. Балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш мумкин.”

Шавкат Мирзиёнинг АҚШдан қайтиши билан АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонасига ташланиб қолиши, у АҚШга ташрифи пайтида ўзига етарлича ҳурмат кўрсатилмагандан, бу ташриф бир тийинга қиммат тадбир бўлиб чиққанидан дарғазаблигининг исботидир, дейди “Ҳаракат” мухбири. Тўғри, балиқчилик ва паррандачиликни ҳам ривожлантириш керак, аммо шу туфайли GM Uzbekistan қўшма корхонасига ташланиш – Шавкат Мирзиё 21 асрда яшаётганимизни ҳам тушунмайдиган ибтидоий одам эканлигининг яна бир исботидир.

29 май куни Шавкат Мирзиё ўзи раислигида экспорт-импорт масаласи ҳам муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида яна “GM Uzbekistan” қўшма корхонасига ташланди. Мана унинг kun.uz сайтида келтирилган сўзлари: “3,5 миллион аҳолидан (Андижон вилоятининг аҳолиси назарда тутилмоқда – «Ҳаракат») 20 минг одам ишласа, нима кераги бор бундай автомобиль заводини?!” Шавкат Мирзиё бу завод ўз маҳсулотларини етарлича экспорт қилмаганидан норозилини ҳам билдирганди.

Бироқ, бугун ЎзА хабар қилишича, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимда амалга оширилаётган ишлар, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорлик, “GM Uzbekistan” автомобиль заводида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, автомобиллар савдосининг шаффофлигини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказибди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Умиджон Салим (расмда) ўтган йил “GM Uzbekistan” АЖда 140 минг 247 дона автомобиль ишлаб чиқарилгани, 2016 йил билан таққослаганда ўсиш ҳажми 59 фоизни ташкил этгани, Самарқанд автомобиль заводида эса ўтган йилда 3 минг 600 дона юк автомобили ва автобуслар ишлаб чиқарилгани, ўсиш ҳажми 5,5 фоизни ташкил этгани, “JV MAN Auto Uzbekistan” қўшма корхонасида эса 1 минг 200 дона юк автомобили ва автобуслар ишлаб чиқарилганини ҳақида маълумот берибди. Булардан ҳам қизиқи, 2017 йили 26 минг 800 енгил автомашина экспорт қилингани, уларнинг асосий қисми Россияга кетганини ҳам айтибди.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, “Ҳаракат” охирги йилларда бир неча марта “Ўзбекистон фуқаролари автомобиль ололмасдан навбатда турар эканлар, автомобилларимиз чет элларда сотилаётганини” танқид қилган эди.

Кўриниб турибдики, “Ўзавтосаноат” раҳбари Умиджон Салим танқидларга жавоби билан Шавкат Мирзиёнинг шармандасини чиқарган, очиқча айтсак, у “Ҳаракат”дан ўрганиб, Шавкат Мирзиёга яхшигина шапалоқ урган.

Хўш, энди Шавкат Мирзиё нима қилади? Хато танқиди учун кечирим сўрайдими, ёки Умиджон Салимни вазифасидан улоқтирадими?