17 March 2018
21:37 - “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг Тошкентдаги мажлиси мунозара руҳида ўтди, аммо қарорлар узил-кесил

Бугун, яъни 17 март куни Тошкентда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Кун тартибида қуйидаги масалалар бор эди:

1. Партиянинг янги президент олиб бораётган сиёсатга муносабати, шу муносабатдан келиб чиқадиган келажак стратегиямиз ва ҳокимиятга таклифлар.
2. Партияни рўйхатдан ўтказиш жараёнини давом эттириш масаласи.
3. Кичик бизнес эгалари билан иш олиб бориш ва партиямиз билан ҳамкорликка тортиш.
4. Расман рўйхатдан ўтган 4 та партияни қўғирчоқликдан чиқишга ва ватан ҳамда миллатнинг муаммолари билан шуғулланишга чақириш.
5. Халқни демократиянинг асосий қуроли бўлган тинч митингларга, майдонларга чиқишга тайёрлаш.

Бу мажлисда Ўзбекистоннинг турли вилоятлардан келган 18 нафар партия фаоли бор эди. Ўзбекистондаги мавжуд режим Ислом Каримнинг анъанасини давом эттириб, баъзи фаолларимизни Тошкентга келишига йўл қўймади. Буларнинг ичида танилган шахслар қуйидагилар – Партия раисининг Фарғона водийси бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймон, Фарғона вилояти ташкилотининг раиси Адҳам Муҳитдин, Андижон вилоят ташкилотининг раиси Мусажон Бобажон. Самарқанд ташкилоти раиси Холиқназар Ғани соғлиқ муаммолари туфайли мажлисга келолмади. Аммо, улар мажлисда бор деб ҳисобланадиган бўлди.

АҚШда, пойтахт Вашингтон яқинида мажбуран яшаётган партия раиси Абдураҳим Пўлат виртуал воситалар орқали йиғилишда иштирок этди. У йиғилишнинг Кун тартиби ва у ердаги масалалар бўйича фикрларини аввалдан тайёрлаб Тошкентга жўнатган эди. Улар ўз вақтида принт қилинди ва мажлис қатнашчиларига мажлис олдидан тарқатилди. Унинг матни билан шу ерда танишиш мумкин - harakat.net/news/?id=21750 ёки facebook.com/abdurahim.polat.92

Шундай қилиб, Абдураҳим Пўлат, Холиқназар Ғани, Ҳамдам Сулаймон, Адҳам Муҳитдин ва Мусажон Бобажонни ҳисобга олиб, мажлисда 23 киши қатнашганини гапириш мумкин.

Мажлисда асосан кун тартибидаги 2 та масала муҳокама қилинди, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятга баҳо бериш, ҳокимиятга таклифлар билан чиқиш, партиянинг келажак стратегиясини белгилаш, партия сафларини мустаҳкамлаш ҳамда уни Адлия вазирлигида рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ жараённи жонлантириш масалаларини кўриб чиқишди.

Абдураҳим Пўлат виртуал воситалар орқали мажлис қатнашчиларига ўзи ёзиб юборган фикрлар бўйича қисқа нутқ ҳам сўзлади. У мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий вазиятга баҳо бераркан, жорийдаги ҳукуматнинг мавжуд сиёсати вазиятни ўнглашга қодир эмаслигини мисоллар воситасида тушунтирди. Хусусан, Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда эканлиги, яъни мамлакатимиз катта зиндон эканлиги, мамлакатда ўртача ойлик ҳатто Қозоғистондан 8-10 баравар камлиги, ўзбек профессорининг маоши Қозоғистонда ишлаётган оддий фаррошнинг маошидан камлиги, Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ҳатто қўшнилардан ҳам анчагина орқада эканлигимиз каби мисоллар билан Ўзбекистондаги аҳволга баҳо берди.

Партия раиси Ўзбекистонда янги Президент Шавкат Мирзиёнинг ташаббуси билан баъзи ижобий жараёнлар бўлаётгани, масалан, қўшнилар билан алоқалар тузатилаётгани, давлат тарафидан фермерлардан сотиб олинадиган пахта нархи оширилгани, чет эллик инвесторларни Ўзбекистонга тортиш учун ҳаракат қилинаётгани каби мисолларни эслатди. Улар олқишланиши кераклигини, аммо улар Ўзбекистонни ҳозирги ғариб аҳволдан чиқариш учун мутлақо етарсизлигини, бу аҳволдан чиқиш учун Ўзбекистонда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, демократияни ривожлантириш, ҳақиқий сиёсий партиялар саҳнага чиқишига йўл бериш, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, катта корхоналарни хусусийлаштириш, катта бойлар, яъни инвесторлар яратилишига имкон яратиш шартлигини, бундай ишларни бугуноқ бошлаш кераклигини урғулади. "Бирлик"нинг келажак стратегияси кескин мухолифатчиликни давом эттириш бўлади.

Абдураҳим Пўлатнинг баъзи ифодалари мавжуд режим раҳбарларига ёқмаслигидан қўрқиб кетган мажлис иштирокчиларининг баъзилари партия раисининг баъзи фикрларига норозилик билдирдилар. Шу сабабли ҳам йиғилиш қизғин мунозарали ўтди, яъни Президент Шавкат Мирзиё жуда кўп ўтказаётган масхарабоз йиғилишлардан фарқли, замонавий, тўғрироғи, ғарбий руҳда ўтди. Бу ҳам йиғилишга ижобий тус берди.

Партия Бош котиби Васила Иноятга кўра, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, Адлия вазирлигига “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш учун берилган ариза бўйича ҳуқуқий майдонда курашни қайтадан жонлантириш муҳим. Сирдарё вилоят ташкилотининг раиси Исроил Ризо ҳам шу фикрда эканлигини билдирди.

“Бирлик” раиси ўринбосари Дайнов Ташановга кўра, ҳозирда қисман бўлса-да ишлашга имкон бор. Фақат сафдошлардан энтузиазм ва фидокорлик талаб қилинади. Ишонаманки, деди у, биз айнан шундай фаолият олиб борамиз.

Мажлис сўнгида “Бирлик”ни расман рўхатдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий ҳаракатларни жонлантириш, долазрб муаммолар ва вазият борасида Ўзбекистон президентига мурожаат ва таклифлар тайёрлаш ҳамда уларни тақдим этиш масалалари, "Бирлик" кескин мухолифатчилигини давом эттиравериши бўйича узул-кесил қарорлар қабул қилинди. Кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича ҳозир қандайдир қарорлар олишга ҳожат йўқ эди. Аммо, улар партиянинг кундалик фаолиятидаги вазифалар бўлиб қолиши муқарар.

Унутмайликки, “Бирлик” Партиясининг феълан жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг Интернетдаги сайтида ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида бу масалалар жиддий шаклда халққа тушунтирилмоқда. Бу жараён энди янги даражада давом эттиририлади.

Партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикрича, Марказий Кенгашнинг бу мажлиси фаолиятимизда янги бир буюк ижобий бурилиш нуқтаси бўлади. Мен “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва унинг вориси бўлган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясинингн тарихида бир неча марта кўпчилик учун кутилмаган бурилиш нуқаталарини яратганман ва ҳар сафар бундай бурилишларидан кейин фаолиятимиз юқори сифатларга чиққан, дейди у. Ҳозир ҳам шундай бўлади. Халқ ўз талабларини ўзи сайлаган ҳокимият, яъни халқ хизматкорлари олдига очиқча қўйиш учун демократиянинг асоий қуроли бўлган тинч митингларга чиқиши шартлиги ҳақидаги фикрлар “Ҳаракат” воситасида халқнинг юрагига киритиб бўлинди. Натижа ҳам бўлади.

Расмда мажлис қатнашчиларини йиғилиш ўтказилган бинога киравериш жойида кўрмоқдасиз. Расмда баъзи меҳмонлар ҳам бор.