06 February 2018
22:35 - Юсуф Жума: Улуғ Хоразмнинг Улуғ хони Шерғозихон хотирасига
Эр хони йўқ, эгасиздир Туроним,
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!
Сотқин бўлар сотқин элнинг султони,
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

Ўрисларнинг терисини шилдирган,
Ичларини сомон билан тўлдирган,
Пётрни армон билан ўлдирган,
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

Руҳига бор қарғиш Амир Музаффар -
Музаффарсиз музаффарлар музаффар -
Юрт бошида - шундан ёғийга зафар
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

Турон ости яхлит олтин тоғ эди,
Қолмаяпди, водариғ, ушоғ энди.
Туркистондан қолгани урвоғ энди
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

Букунгилар эл терисин шилишар
Сағри ичин тиллога тўлдиришар.
Кремлга келин салом қилишар
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

Ори ўлмай эл ўлмайди - ўлди эл,
Орсиз элда мард бўлмайди, ўлди эл -
Эл бошига эр келмайди - ўлди эл,
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

Сендан Тангри рози бўлсин - рози, хон.
Эрлар эри, шерлар шери - Ғозийхон.
Қайтиб келгин - армоним - Шерғозихон
Сендан кейин эр ҳукмдор келмади!

29. 12. 2017