15 January 2018
19:15 - Ўзбекистон аҳолиси 32,6 миллиондан ошиб кетди
Ҳар икки йилда бир миллионга кўпаяётган Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 2018 йил 1 январгача 32 миллион 653 минг кишидан ошиб кетибди. Шундай қилиб, бир йиллик ўсиш 533 минг 400 киши, яъни 1,7 фоиз бўлган!

Шунингдек, Ўзбекистон Давлат Статистикаси Қўмитаси демографик ҳолат бўйича бошқа рақамларни ҳам эълон қилди. Масалан, шаҳар аҳолиси сони 16 533,9 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6 %), қишлоқ аҳолиси сони 16120,0 минг кишини (49,4 %) ташкил этган.

Туғилиш коэффициенти 22,1 промилле, ўлим коэффициенти эса 5,0 промиллени ташкил этмоқда.

Интернетдаги турли манбаларда бошқа рақамлар ҳам бор. Масалан, БМТ Ўзбекистонда туғилиш коэфицентини 2005-2010 йиллари 22,6 деб деб эълон қилган. Бунга ишонсак, бизда туғилишда бироз тушиш бордек кўринмоқда. Аммо, АҚШнинг Миллий Истиҳборат Ташкилоти (МИТ, русча – ЦРУ) 2009 йилда Ўзбекистонда туғилиш коэфицентини 17,6 деб белгилаган экан. Бу билан солиштирсак, бизда туғилиш ортган. Бу рақамларнинг қайсибирига ишонишни ҳам билмай қоласан киши.